Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экология ва атроф муҳит муҳофазаси – барчамиз учун ҳаёт-мамот, эртанги кунимиз ва келажагимизни белгилаб берувчи устувор масаладир
23:30 / 2021-08-24

Инсоният бугун табиат қадрини, унинг неъматлари бебаҳо эканини тобора англаб етмоқда.

Бугун дунё миқёсида бошланган ўнлаб глобал муаммолар – иқлим ўзгариши, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, ердаги ҳароратнинг кўтарилиб бориши, қурғоқчилик, буларнинг барча-барчаси негизида битта нарса, у ҳам бўлса асрлар давомида инсониятнинг табиатга етказиб келаётган зарра-зарра, кичик зарарлари ҳосиласи ётади. Табиатнинг мана шу “огоҳлантириш”лари биргина мамлакат ёки халқ учун эмас, бутун инсоният учун жиддий огоҳлик қўнғироғи бўлиши керак. Атроф-муҳит билан боғлиқ вазифалар ҳамиша эътиборимиз марказида туриши зарур.

Бугун атроф-муҳитни ҳимоя қилишга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳада тўпланиб бораётган муаммолар ечими, ўз вақтида зарур чораларни кўриш масалалари атрофлича муҳокама этилди. 

Тан олиб айтиш керак, шу вақтгача экология ва атроф-муҳит билан боғлиқ масалалар қанчалик кўп кўтарилмасин, муаммолар айтилмасин, уларнинг ечимига келганда етарлича шуғулланмадик. Оддийгина жамоатчилик назорати билан бир дарахтни ёки яшил ҳудудни сақлаб қолиш учун одамлар қаерга мурожаат қилиши ёки мурожаат борган ташкилот қандай чора кўриши кераклиги ҳам чигал бир масалага айланиб қолган эди. Ёки керак-керак бўлмаган жойларга ҳам арча экиш кампанияси шунчалик авж олгандики, бу кимга зарурлиги ёки нима учун шундайлигини ҳатто мутахассислар ҳам аниқ изоҳлай олишмасди.

Сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган. Атмосферага ташланмаларнинг 90 фоизи Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Навоий, Бухоро, Чирчиқ, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Гулистон ва Нукус шаҳарларига тўғри келади.

Шу билан бирга, ҳудудларда “яшил майдон”лар 3-4 бараварга қисқариб, ўртача 8 фоиздан камайиб кетди. Ер усти ва ости сув сатҳининг кескин пасайиши ҳам экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, ҳудудларда маиший чиқиндиларни хусусий шериклик асосида бошқариш бўйича режа қилинган 62 та лойиҳадан бор-йўғи 15 тасига тадбиркор жалб қилинган. Бу борада Бухоро, Наманган, Фарғонадан ташқари бошқа бирорта ҳудудда ишлар якунига етказилмаган.

Йиғилиш давомида таъкидланган бу гапларни эшитиб, кўпчиликнинг хаёлидан “Ҳайрият, бу муаммолар ҳам ечимини топадиган кун боракан-ку” деган ўй кечган бўлса ажаб эмас. Дарҳақиқат, бу муаммолар бир ёки икки  йиллик эмас. Бу йигирма-ўттиз йиллаб давомида атроф-муҳитга қилинган тажовузлар, табиат неъматларидан тартибсиз ва хўжасизларча фойдаланилгани, экология масаласи ҳамиша эътиборимизнинг энг қуйи поғонасида бўлиб келгани оқибатидир.

Биргина дарахт кесилишини олайлик. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 октябрдаги фармони билан 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига мораторий жорий этилган эди. Кейинчалик ушбу мораторий муддати 2021 йил якунигача узайтирилди. Йиғилишда таъкидланишича, ўтган 6 ойлик мораторий даврида 316 минг дона қимматбаҳо дарахтлар асраб қолинган. Бироқ шунга қарамасдан, ўтган даврда 2,8 мингта қимматбаҳо ва 2 мингдан зиёд кам қимматли дарахтлар ноқонуний кесилган. Бу ҳолатлар, Сурхондарёда – 242 та, Жиззах ва Хоразмда – 238 тадан, Навоийда – 212 та, Тошкент шаҳрида – 201 тани ташкил этгани жуда аянчли ҳолдир. Чунки битта дарахтнинг вояга етиб, ерга мустаҳкам ўрнашиб олиши, атрофга соя ёки мева бериши учун йиллар керак бўлади. Шундай экан, беш мингга яқин эмас, бир дона дарахтнинг ҳам кесилишини она табиатга етказилган бемисл зарар сифатида қабул қилишимиз шарт.

Шунинг учун ҳам дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилиши ва жавобгарлик кескин кучайтирилиши кўпчиликнинг айни дилидаги ташаббус бўлди. Эндиликда дарахтларни кесишга қарши кескин чоралар кўрилиши, жумладан, экология соҳасида қўлланиладиган жарималар миқдори 5 баравар, етказилган зарар учун компенсация миқдори 2 баравар оширилиши ҳам мамлакатимиз экологиясини асраш йўлида жиддий қадам бўлиши шубҳасиз.

Йиғилишда такидланганидек, республикадаги 300 га яқин истироҳат боғлари турли вазирлик ва идораларга қарашли бўлиб, уларнинг аксарияти қаровсиз. Яқинда ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар ва экологик рейдлар, Олий мажлис Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Экологик партиясининг “ишонч телефони”га келиб тушаётган мурожаатлар, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар республика бўйича истироҳат боғлари ва ҳиёбонлар фаолиятида кўплаб камчиликлар мавжуд эканлигини кўрсатмоқда.

Кўп ҳолларда истироҳат боғларида чиқиндилар тўпланиб қолгани, дарахтларнинг қаровсиз ва суғорилмаслиги оқибатида қуриб қолаётгани, боғларда суғориш тизимининг мавжуд эмаслиги, истироҳат боғларининг ачинарли аҳволи ҳамда аҳоли дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун етарли шароитлар яратилмаган. 

Йиғилишда турли вазирлик ва идораларга қарашли бўлган истироҳат боғларини маҳаллий ҳокимликлар тасарруфига ўтказиш, истироҳат боғларида аҳоли учун “сокин ҳудуд”ларни ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди. Бунда, мазкур боғларнинг камида 60-70 фоизи “яшил ҳудуд” бўлиши керак ва ушбу ҳудудларда бино-иншоотлар қурилишига рухсат берилмайди.

Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 1 тадан сайилгоҳ (жами – 12 та), “яшил майдон” ва аллея (жами – 25 километр), кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллаларнинг ҳар бирида “яшил майдон”лар ташкил этиш лозим. Шу билан бирга, пойтахтнинг 60 километр канал бўйлари, 250 километр пиёда йўлаклари атрофига манзарали дарахтлар экилиши белгиланди.

Айниқса, атроф муҳитни муҳофаза қилиш учун ИИВ тизимида “Экология полицияси” ташкил этилиши қонун устуворлигини таъминлашда, керак бўлса экологик маданиятли бўлишга хизмат қилади, деб ўйлайман. Чунки йиллар давомида “табиат ўзи тозалайди” деган бефарқлик ва лоқайдлик кайфиятидан қутулишимизнинг бундан бошқа йўли йўқ.

“Экология полицияси” Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида ташкил этилади. Унинг зиммасига экология соҳасидаги қонунбузарликлар, жумладан дарахтларни рухсатсиз кесиш, браконьерлик, ноқонуний чиқиндилар ташлаш каби ҳолатларга қарши профилактика вазифалари юклатилади.

Яқинда ижтимоий тармоқларда пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги уйлар олдида ноқонуний дарахт кесишга уринаётган шахснинг жамоатчилик томонидан тўхтатиб қолингани акс этган видеолавҳа тарқалганидан сўнг, масалани ўрганиш учун ўша ерда истиқомат қилувчи аҳоли билан учрашганимизда уларнинг талаби асосли эканига амин бўлдик. Дарахт жойлашган ерни сотиб олган тадбиркорнинг ҳам талабини эшитиб, тегишли масъул идораларга мурожаат билан чиқдик. Асосийси, ўша ердаги диаметри 39,4 саниметр бўлган бир туп сафора дарахти сақлаб қолинди. Ўша ерда яшовчи инсонларга раҳмат. Аслида ҳар биримиз ўзимизни табиат неъматини асраш учун бурчли деб ҳисобласак, шу бир туп дарахт каби минглаб дарахтларни асраб қолишимиз мумкин. Чунки бундай ҳолатлар мамлакатимиз бўйлаб жуда кўп учрайди.

Ҳар бир соҳанинг ривожи ушбу тизимда ишлаётган кадрларга, малакали мутахассисларга бориб тақалади. Йиллар мобайнида экология масаласи эътиборимиздан четда қолгани каби соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва бу тизимда меҳнат қилаётганлар малакасини ошириш, илмий тадқиқотларни ташкил этиш масалалари ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилгани сир эмас. Экологияни асраш учун тажрибали экологлар керак бўлса-да, бундай мутахассисни топишнинг ўзи қийин бўлиб қолгани ҳам бор гап. Мисол учун, Экология қўмитаси тизимидаги 2 мингдан ортиқ ходимларнинг атиги 10 фоизи мутахассис ҳисобланади.

Қўмита ҳузуридаги илмий-тадқиқот институти фаолиятини такомиллаштириш, олимлар ва кадрлар тайёрлашни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Бунинг учун мазкур илмий-тадқиқот институти замонавий техника ва лаборатория ускуналари билан жиҳозланади. Докторантурага квоталар 2 баравар оширилади. Институтда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича илмий даражаларни берувчи Илмий кенгаш ташкил этилади. Буларнинг барчаси табиатни асраш, экологик муаммоларнинг олдини олиш сари қўйилган муҳим қадам бўлиши, шубҳасиз.

Ўз навбатида Экологик партия ва унинг Олий мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан мамлакатимизда экологик қонунчиликни янада такомиллаштириш, ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни янада кучайтириш ҳамда қонунлар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил этишда фаоллик кўрсатиши мақсадга мувофиқ. Экологик партия томонидан соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи амалдаги қонунчилик ҳужжатлари тизимлаштириш, жумладан Экологик кодексни қабул қилиш ғоясини илгари суради. Шунингдек, маиший ва саноат чиқиндиларини тартибга солиш, улардан иккиламчи хом-ашё сифатида фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонунни янги таҳрирда қабул қилиниши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Бир сўз билан айтганда, экология ва атроф муҳит муҳофазаси – барчамиз учун ҳаёт-мамот, эртанги кунимиз ва келажагимизни белгилаб берувчи энг устувор масаладир. Шуни англаган ҳолда бутун жамиятимизда экологик масалаларга бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришимиз, экологик маданиятни юксалтиришимиз - соҳадаги мавжуд муаммолар ечими, фаровон келажагимиз гаровидир. Бунинг натижаси беш-ўн йиллик қисқа муддатда эмас, асрлар давомида атроф-муҳит мусаффолиги, ватанимизнинг бетакрор табиати ва фарзандларимизнинг соғлом келажагида ўзини намоён этади.

Нарзулло ОБЛОМУРОДОВ,

Ўзбекистон Экологик партияси 

Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси