Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экология соҳасига ажратилаётган маблағлар етарлими?
12:02 / 2025-12-03

Парламент қуйи палатаси мажлисида 2026 йилги Давлат бюджети лойиҳаси муҳокамаларида депутат Моҳира Хўжаева экология соҳасига қанча маблағ ажратилаётгани ва бу маблағлар экологик муаммоларни бартараф этишга етадими, деган саволни ўртага ташлади.

Бунга жавобан Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков қуйидагиларни маълум қилди:

— Барчамизга маълумки, сўнгги кунларда атмосфера ҳавосидаги ифлосланиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда. Шу билан бирга, давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган 5 та йўналишдаги миллий дастур асосида чоралар кўрилади.  

Давлат раҳбарининг тегишли қарори билан умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида махсус давлат жамғармаси ташкил этилди, унинг молиявий манбалари аниқ белгилаб берилди.  

Шу билан бирга, 2026 йилда 1 январдан бошлаб тасарруф этиладиган углерод брикетлари савдоси натижасида ҳосил бўладиган маблағларнинг 20 фоизи, табиий муҳитни ифлослантирганлик, чиқиндиларни нотўғри жойлаштириш оқибатидаги компенсация, қонунчиликни бузганлик учун жарималар, утилизация йиғимларининг 10 фоизи, резина шиналари утилизация йиғимларининг 100 фоизи, транспорт воситаларини эркин муомалага чиқариш бўйича утилизация йиғимларининг 90 фоизи мазкур соҳага йўналтирилади. Умуман, 2026 йилда махсус жамғарманинг қўшимча маблағлари 548 миллиард сўмни ташкил қилади.  

Соҳадаги ишлар натижадорлигини таъминлаш борасида эса янги ташкил этилган бошқарув тизимида изчил ишлар олиб борилади, — деди Жусипбек Казбеков.

Шунингдек, бунга қўшимча равишда Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров махсус жамғармага 2025 йил якунига қадар 900 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилишини, кейинги йилларда жамғарма маблағлари янада ривожлантирилишини, умуман, экология соҳасига етарли маблағлар кўзда тутилаётганини маълум қилди.  

Муҳтарама Комилова,  

Носир Ҳайдаров (сурат),

ЎзА