Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экология соҳасида жамоатчилик назорати кучайтирилади
18:13 / 2024-03-28

Пойтахтимизда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази томонидан «Экология соҳасида жамоатчилик назоратининг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати ҳамда Қонунчилик палатаси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги, Экологик партия, мазкур йўналишда фаолият кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, соҳа экспертлари, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ҳамда эко-фаоллар иштирок этди. 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда табиатни муҳофаза қилиш, жумладан, атмосфера ҳавоси, ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётгани қайд этилди. Бу эса, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, атмосфера ҳавоси мусаффолигини асраш масалаларига эътиборни янада кучайтириш, аҳолида экологик маданиятни тубдан мустаҳкамлашни тақозо этиши таъкидланди. 

[gallery-16651]

Юртимизда мазкур йўналишда қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, давлат дастурларида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Хусусан, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ислоҳотларга оид қатор вазифалар, амалий тадбирлар режаси ўз ифодасини топган. 

Давра суҳбатида ҳам экология соҳасида жамоатчилик назоратининг роли ва аҳамияти, бу борада хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари, уларни Ўзбекистон шароитида жорий этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Тадбир якунида мавзу юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Гулноза Бобоева, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА