Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экология соҳасида вазирнинг ахборотини эшитиш масаласи қўллаб-қувватланди
12:20 / 2024-01-17

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида депутат Ўктам Исломов сўз олиб, мажлис кун тартиби лойиҳасига парламент назорати йўналишида қўшимча киритиш таклифини билдирди.

Халқ вакили ўз сўзида глобал экологик муаммолардан бири —атмосферанинг ифлосланиши масаласи Ўзбекистон учун ҳам долзарб аҳамият касб этиб бораётганига эътибор қаратди. Ушбу долзарб мавзу юзасидан жорий йилнинг 16 январь куни Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишига алоҳида тўхталди.  

Депутат йиғилишда тегишли вазирлик, идоралар масъуллари, тажрибали олимлар, етук мутахассислар иштирокида пойтахт атмосфера ҳавосининг ифлосланиши сабаб ва оқибатлари, ҳавони муҳофаза қилиш усуллари атрофлича муҳокама қилинганини эътироф этди.  

Шу билан бирга, депутат экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг “Тошкент шаҳри атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида”ги ахборотини эшитиш масаласини кун тартибига киритиш таклифини қайд этди.  

Ушбу таклифни Ўзбекистон Экологик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов ҳам қўллаб-қувватлаб, келгусида ушбу долзарб масала юзасидан вазир ахборотини эшитиш зарурлигини билдириб ўтди.  

Шунингдек, мазкур таклиф юзасидан сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари раҳбарлари ҳам муносабат билдирди: 

Актам Ҳаитов, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари:  

—  Ушбу масалани куни кеча фракциямизда ҳам муҳокама қилдик. Ҳеч биримиз бу масалага бефарқ эмасмиз. Соҳада ҳукуматимиз амалга ошираётган ишлар юзасидан вазир ахборотини эшитсак, тўғри бўлади. Экология, атмосфера масалаларида бир қатор тадбиркорларимиз ҳам масъул. Шу боис ҳам бугунги масалани қўллаб-қувватлаймиз.  

Алишер Қодиров, ЎзМТДП фракцияси раҳбари:  

— Тан олишимиз керак, вазирлик бугун нафақат мамлакатимиздаги, Тошкентдаги экологик масалалар, балки Марказий Осиё минтақаси билан содир бўлаётган экологик муаммоларни бартараф қилиш бўйича катта ишларни олиб бормоқда. Бу борадаги ишларни вазирлик билан биргаликда муҳокама қилишимиз, албатта мақсадга мувофиқ бўлади. Депутатларимизнинг ҳам ушбу йўналишдаги фикрлари, таклифлари эшитилади.  

Зуҳра Иброҳимова, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари:  

— Албатта, экология масаласи энг долзарб муаммолардан бири бўлиб турибди. Қўмита томонидан киритилган таклифда фақат Тошкент шаҳри атмосферасига оид ишлар деб кўрсатилган. Аммо фақат пойтахт эмас, барча вилоятлар кесимидаги ишлар деб олинса, яхши бўлар эди.  

Мажлисда билдирилган таклифлар асосида масаланинг жиддий ва айни вақтда долзарблигидан келиб чиқиб, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг ахборотини эшитиш масаласи қўллаб-қувватланди.  

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА