Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва жамоатчилик иштирокини кучайтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада экологик назорат тизимини такомиллаштириш, аҳоли ва фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоларига Жамоатчилик экология назоратчиси мақоми берилишига бағишланган сертификат ва гувоҳномаларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир Жамоатчилик кенгаши аъзолари учун ташкил этилган икки ҳафталик ўқув курслари якунига кўра ўтказилди. Мазкур ўқувлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида ташкил этилди ҳамда жамоатчилик экологик назорати бўйича билим ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлашга қаратилди.
Ўқув дастури доирасида иштирокчилар мамлакатда атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари, коррупцияга қарши кураш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, экологик таълим ва маданиятни шакллантиришнинг устувор вазифалари билан танишди. Шунингдек, жамоатчилик экологик инспекторлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан экологик назоратни амалга ошириш механизмлари ҳам ўрганилди.
Бундан ташқари, ўқув жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш ҳамда “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Дастурда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини асраш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чиқиндилар билан боғлиқ фаолиятни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш каби муҳим йўналишлар қамраб олинди. Машғулотлар назарий билимлар билан бир қаторда амалий машқларни ҳам ўз ичига олди.
Ўқув якунида тингловчиларга жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда иштирок этиш ва экологик хавфсизликни таъминлашга кўмаклашишга тайёр эканликларини тасдиқловчи сертификатлар ҳамда Жамоатчилик экология назоратчиси гувоҳномалари топширилди.
Маълумот учун, ҳозирги вақтда қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказида 100 га яқин тингловчи таҳсил олмоқда. Жорий йил давомида эса мазкур йўналиш бўйича жами 735 нафар тингловчини ўқитиш режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА