English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экология муҳофазаси учун 1 триллион 767 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағлари йўналтирилган
16:45 / 2023-12-11

Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни ҳал этиш, энергетик барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу соҳадаги ишларни изчил давом эттириш мақсадида жорий йилда давлат бюджетидан экология ва атроф-муҳит муҳофазасига оид чора-тадбирлар учун 1 триллион 767 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. Мазкур маблағлар ҳисобидан атмосфера ҳавоси, сув ресурслари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, Оролбўйи минтақасининг экологик ҳолатини яхшилаш ишлари амалга оширилган.  

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида қайд этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.  

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари партиянинг дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобот даврида давлат бюджетидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, чиқиндиларни йиғиш ва уларни қайта ишлаш, Оролбўйи ҳудудида экологик ҳолатни яхшилаш тадбирларига ажратилган маблағларнинг натижадорлигига алоҳида эътибор қаратди.  

Ҳисобот даврида ичимлик ва оқова сув тизимларини ривожлантириш ишлари учун 565 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 710,4 км ичимлик ва оқова сув тармоқлари ётқизилган ҳамда 21 та иншоотда қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган.  

Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини “яшил” энергия билан таъминлаш, сув ресурсларидан мақсадли ва тежамкор фойдаланиш масалалари ҳам муҳокамалар марказида бўлди. Кўплаб мамлакатларда сув ресурслари йилдан-йилга камайиб кетаётгани оқибатида озиқ-овқат танқислиги кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланаётгани қайд этилди.  

Муҳокамаларда депутатлар сув ресурслари тақчиллигининг олдини олишга қаратилган чораларни кучайтириш, шунингдек, сув тежовчи технологияларни амалиётга татбиқ этиш учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар сарфланиши устидан назоратни янада кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Умуман, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.  

Қизғин мунозара ва таклиф-мулоҳазалардан сўнг фракция аъзолари Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқуллади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА