Ҳар бир инсоннинг эртанги куни, ҳаётининг қандай кечиши табиатга боғлиқ. Айниқса, бугунги экологик муаммолар кўпайган даврда ҳеч бир инсоннинг табиатга бефарқ муносабатда бўлишга ҳаққи йўқ. Бу йўлда нафақат катталар, айниқса ёшларнинг фаоллиги муҳим аҳамият касб этади.
Тошкент давлат юридик университетида “Ёшлар ва экология” мавзусида ўтказилган семинар-тренингда ҳам ёшларнинг табиатга муносабати, уларнинг ташаббуслари ва фаоллиги ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Семинар-тренинг давомида экологик муаммоларни ҳал этишда ёшларнинг фаоллигини ошириш, экологик ташаббусларни илгари суриш ҳамда уларни амалий лойиҳалар орқали қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
— Семинарнинг мақсади ёшларимизни табиатга бефарқ бўлмасликка, ҳар бир киши ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлигини англашга чорлашдан иборат, — дейди Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси Ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Моҳинурхон Эргашева. — Агар ёшларимиз атроф-муҳитни асрашга бел боғлаб киришса, эртамиз янада соғлом ва яшил бўлади.

Шунингдек, тадбир давомида талабаларга экологик қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар, депутатларнинг ваколатлари ҳамда маҳаллий даражадаги ташаббусларни қўллаб-қувватлашдаги роли ҳақида батафсил маълумот берилди.
Семинар-тренинг иштирокчилар учун экологик масъулиятни чуқур англаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда фуқаролик жамиятида фаол иштирок этиш борасида бой тажриба мактабига айланди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА