Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик вазиятни соғломлаштириш борасида парламент назорати олиб борилмоқда
14:48 / 2024-02-03

Мамлакатимизда қушларнинг 460 дан ортиқ тури учрайди. Уларнинг аксарияти республикамиз ҳудуди орқали баҳорги ва кузги миграция даврида сув ҳавзалари ва уларнинг қирғоқ зоналарида қўним топади.

Табиий муҳитга таъсир кўлами ортиши оқибатида нафақат қуруқлик, балки сув ҳавзалари экотизимларида ҳам жиддий ўзгаришлар юз бермоқда.  

 Сув ҳавзалари эса нафақат инсониятнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш, балки, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ўзига хос яшаш муҳити сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга.  

Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси томонидан “Сув ҳавзаларини асраш экологик барқарорликнинг муҳим омили” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда гап борди.  

2 февраль – Бутунжаҳон сувли-ботқоқли ҳудудлар куни муносабати билан “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда сенаторлар, олимлар, талабалар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.  

Таъкидланганидек, 1971 йил 2 февралда “Халқаро аҳамиятга эга, асосан сувда сузувчи қушларнинг яшаш жойлари ҳисобланган  сув-ботқоқ ҳудудлари тўғрисида”ги Конвенция қабул қилинган.  

Ўзбекистон ушбу Конвенция тарафдори бўлиб, шунга асосан бугунги кунда мазкур халқаро ҳужжат рўйхатига “Тўдакўл”, “Қуйимозор”, “Денгизкўл”, “Судочье” ва “Айдар-Арнасой” кўллар тизими киритилган.    

Ушбу ҳудудлар кўчиб юрувчи қушлар учун қулай қўнимгоҳ бўлиб хизмат қилмоқда. Шунинг учун ҳам бундай ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларнинг табиий иқлим шароити барқарорлигини сақлаб қолиш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ҳайвонларнинг 37 тури, шу жумладан, қушлар ва балиқлар сув-ботқоқли ҳудудларда яшайди.  

Кўлларни орнитологик жиҳатдан комплекс ўрганиш, айниқса уларда учровчи қушларнинг тур таркиби ва сонининг динамикасини тақиқ этиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.  

Мавжуд сув ҳавзаларидан дам олиш ва экотуризм мақсадларида  фойдаланишни тўғри йўлга қўйиш ҳам табиатни муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш имконини бермоқда.  

Айни вақтда Сенат  томонидан Рамсар рўйхатига киритилган “Айдар-Арнасой” кўллар тизимида экологик вазиятни сақлаб қолиш ва соғломлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар устидан парламент назорати олиб борилмоқда.  

Барқарор ривожланиш борасидаги устувор қадамлардан бири  сифатида сув-ботқоқ ҳудудлар, экологик тизимлар барқарорлиги ва бус-бутунлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.  

Шунингдек,  тадбир доирасида қўмита раҳбарлиги остида Ёшлар парламенти аъзолари томонидан экинларни тупроқ остидан томчилатиб суғориш тизими технологиялари бўйича олиб борилган илмий изланишлар ва тажрибалар якунлари юзасидан тақдимот ҳам ўтказилди.  

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу технология қўлланилганда  сув сарфи эгатлаб суғоришга нисбатан 80 фоизга,  илдиз устидан томчилаб суғоришга нисбатан 30 фоизга, шунингдек, минерал ўғит сарфи 60 фоизга иқтисод қилинган. Шу билан бирга, суғоришда қўл кучи меҳнатидан фойдаланиш 70 фоизга ва агротехник ишлар (культивация) 50 фоизга қисқарган.  

Иштирокчилар  томонидан бундай технологияларни қўллаш  иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишнинг муҳим омили экани қайд этилди.  

Н.Абдураимова, ЎзА