Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган стратегик йўналишлардан келиб чиқадиган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Мурожаатномада бир қатор йўналишлар қатори экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ҳам устувор йўналишлар белгилаб берилди.
Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда 188 та маҳалладаги 715 минг аҳоли яшайдиган хонадонларга биринчи марта тоза ичимлик суви кириб борди. Яна 2 миллион 300 мингга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.

Фракция аъзолари Мурожаатномада экология соҳасида белгиланган вазифалар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги аниқ ва қатъий чоралар эканлигини таъкидлади. Энди фильтрсиз кўмирда ишлайдиган қозонхоналардан воз кечилади. Сабаби кўмир ва газда иситиладиган иссиқхоналар учун замонавий фильтрларни ўрнатиш қийинчилик туғдираётган эди.
Йиғилишда чанг-қум бўронларининг олдини олиш, “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари, Орол денгизининг қуриб қолган тубида ўрмонзорлар барпо этиш, ҳудудларда ботаника ва дендрология боғлари ташкил этиш режалари ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, магистраль каналларни бетонлаш, очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга ўтказиш, шаҳарларда ариқ ва суғориш тизимларини тиклаш орқали сув тежаш ва микроиқлимни яхшилаш бўйича лойиҳалар юқори баҳоланди.

Муҳокамаларда депутатлар келгуси беш йилда 30 минг нафар экология менежерини тайёрлаш, “яшил” техникумлар ва Green University фаолиятини кенгайтириш вазифалари экологик ислоҳотлар жараёнини малакали кадрлар билан таъминлаш имкониятини беришини таъкидлади.
Йиғилишда Мурожаатномада илгари сурилган ушбу муҳим ташаббуслар Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг мақсадларига ҳамоҳанглиги қайд этилиб, уларнинг ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш ва аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА