Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Жумладан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан самарали фойдаланишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилар экан, фракция аъзолари томонидан берилган таклиф ва тавсияларнинг эътиборга олингани айтиб ўтилди. Шунингдек, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида киритилган ўзгартиришлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Қайд этилганидек, лойиҳага кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини қайта ижарага бериш мумкинлиги белгиланмоқда. Шунингдек, тадбиркорларнинг ўз товарларини (ишларини, хизматларини) бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилиш ҳуқуқи белгилаб қўйилмоқда.
Шундан сўнг йиғилишда экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, бир марталик пластик маҳсулотларнинг муомаласини тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси экологик тизимларни, табиат объектларини асраш, сақлаб қолиш ва ҳимоясини кучайтириш, туристик-рекреацион, соғломлаштиришга мўлжалланган табиий объект ва мажмуалар деградациясининг олдини олиш мақсадида тоза ҳудуд режимини жорий этишга қаратилган.
[gallery-25721]
Қонун лойиҳасида тоза ҳудуд режими амал қиладиган ҳудудларда экологик тизимлар барқарорлигининг бузилиши ва табиий ландшафтлар кўринишининг ўзгартирилишига олиб келадиган ишларни амалга оширишни тақиқлаш белгиланмоқда.
Шунингдек, табиий органик полимер маҳсулотлардан ташқари бир марталик пластик маҳсулотларнинг муомалада бўлишини чеклаш ҳамда тупроқнинг унумдорлигини ошириш мақсадида органик ўғитлардан фойдаланишни рағбатлантириш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, полиэтилен полимер плёнкали пакетларни атроф-муҳитга таъсирини камайтиришга қаратилган нормалар белгиланмоқда.
Фракция аъзоларининг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши экологик барқарорликни таъминлаш, чиқиндилар миқдорини камайтириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда табиатни асрашга хизмат қилади. Экологик тоза ҳудудлар режимини жорий этиш нафақат яшил ҳаёт тарзини қарор топтиришга, балки чиқиндиларни камайтириш ва қайта ишлаш маданиятини ривожлантиришга асос бўлади.
Муҳокамаларда фракция аъзолари қонун лойиҳаси экологик сиёсатни изчил амалга ошириш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муҳим қадам бўлишини таъкидлаб, уни такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифларни билдирди.
Муҳтарама Комилова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА