Миллий қадрият ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, ёш авлод тарбиясида азалий урф-одатлар ва қадриятларга таяниб иш тутиш ҳозирги рақамли техологиялар ва глобаллашув замонида энг мақбул йўлдир.
Айниқса, бугунги экологик таҳдидлар кучайиб бораётган бир шароитда ота-боболаримиздан мерос анъаналар, тарбия усулларига амал қилиш ва ўсиб келаётган фарзандларимизни шу руҳда тарбиялаш лозим. Хусусан, миллий тарбиямиз негизида мавжуд бўлган сувни исроф қилмаслик, сувга тупурмаслик каби ўгитларни, табиий ресурслар сарфи эвазига бунёд бўлган маҳсулот ва буюмлардан унумли фойдаланиш кўникмаларини бугунги авлодда ҳам шакллантириш долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси “Экология ва саломатлик” аёллар клуби томонидан Республика болалар ижтимоий мослашув марказида “Хон атлас – миллий мерос ва экологик барқарорлик рамзи” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда миллий либосларни асраб-авайлаш, ёш қизларимизда миллий тарбиянинг шаклланишида уларнинг аҳамияти, қолаверса, қадриятларимизни сақлаб қолиш учун ҳам миллий либосларнинг тарғиботи жуда муҳим экани қайд этилди. Шунингдек, халқимиздаги экологик маданият миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғлиқ экани алоҳида таъкидланди.

Тадбирда сўзга чиққан партия Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Диёра Шарипова фарзанд тарбиясида экологик кўникмаларни шакллантириб бориш халқимиз ҳаётида ажралмас қадриятга айлангани, тарбия жараёнида экологик маданиятни юксалтиришга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Бу борада Экопартия томонидан аввало, аёлларимизнинг экологик маданиятини юксалтириш ва бу орқали оилалардаги экологик муҳитни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди.
М.Комилова, ЎзА