Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик таълим – устувор вазифа
17:11 / 2021-05-20

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда «Экологик таълим – энг асосий устувор вазифа» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбир аввалида институтнинг Меҳнат муҳофазаси ва экология кафедраси томонидан барпо этилган Экобоғнинг очилиш маросими бўлди. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори Илҳом Собиров сўзга чиқиб, келажак авлоднинг бахтли ва фаровон ҳаёти учун бугун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳар бир фуқаронинг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдураҳим Қурбонов Экологик маданият – бу табиат билан жамият ўртасидаги муносабатларнинг сифат жиҳати ва характерини акс эттирадиган умумий маданият асоси эканлиги ва у маънавий қадриятлар тизимида, инсон фаолиятининг табиатни билиш ҳамда уни ўзгартириш билан боғлиқ барча турлари ва натижаларида намоён бўлиши «Табиат ва жамият» тизимидаги муносабатларнинг тарихий белгиланган даражаси ва характерини акс эттириб, инсониятнинг ноосферага ҳаракати босқичларини аниқлашда ўта муҳим аҳамиятга эгалиги тўғрисида маълумотлар берди.

– Тадбир орқали ўсиб келаётган ёш авлоднинг экологик билимини бойитиш ғоясини илгари суриш, аҳолида экологик маданиятни ривожлантириш, жамиятнинг экологик хавфсизлиги ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш ҳамда ҳар бир фуқарони табиатга ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялашни тарғиб этишни мақсад қилганмиз, – дейди тадбир ташкилотчиси – институтнинг Меҳнат муҳофазаси ва экология кафедраси мудири, техника фанлари доктори, профессор Озодахон Йўлдошева. – Зеро, ёшларнинг атроф-муҳитга бўлган эътиборини ошириш, уларнинг экологик ва эстетик маданиятини юксалтириш, табиат ҳақидаги билим ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришига кўмаклашиш, озодалик ва ободлик каби миллий анъаналаримизни ёшлар онгига сингдириш, баркамол авлодлар вояга етишида атроф-муҳитнинг тозалиги, мусаффолиги нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини кенг тарғиб қилиш жуда долзарблик касб этган.

Дарҳақиқат, экологик таълим-тарбия табиат ва жамият ўртасидаги узвийликни таъминлаш ҳамда табиий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамиятга эгадир. Афсуски, узоқ йиллар мобайнида табиатга етказилган таъсир оқибатида табиий мувозанатга путур етди. Бугунги кунга келиб эса, инсоният тамаддуни, унинг эртанги тақдири айнан шундай масалаларни ҳал этишни тақозо қилмоқда. Айни вақтда экологик муаммоларни ҳал этишда тежамкор, экологик тоза технологияларни жорий қилиш, табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини изчил олиб бориш ёки соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар уларни ҳал этишда етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Бу каби тадбирлар ана шу бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Шу куни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тадбир якунида институт талабаларига партиянинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунча берилди ҳамда уларга партияга аъзолик гувоҳномалари топширилди. Фаол талабалар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

  

Нигора Раҳмонова, ЎзА