Давлатимиз раҳбарининг “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони доирасида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Тошкент шаҳрида экологик барқарорликни таъминлаш борасида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган тутун, чанг ва заҳарли газлар миқдорини камайтириш чораларини кўриш ҳамда профилактик тадбирларни ошириш мақсадида махсус ишчи гуруҳлар тузилган.
Атмосфера ҳавосига зарарли ташламалар ташловчи 1 минг 400 га яқин хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ўрганилган ва атмосферани муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиш бўйича кўрсатмалар берилган. Бунга риоя қилмаган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари билан биргаликда атроф-муҳитга зарарсиз энергия ресурсларини қиш даврида кафолатли етказиб бериш лозим бўлган иссиқхоналар рўйхати шакллантирилиб, улар билан тегишли шартномалар тузиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, қурилиш объектларида атмосфера ҳавосига чанг кўтарилишининг олдини олиш мақсадида сув сепувчи ва иқлим мўтадиллигини таъминловчи ускуналар ўрнатилиши ва қурилиши, автотранспорт воситалари ғилдиракларини ювиш ҳовузлари барпо этилиши таъминланган.

Булар ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган эшитувда маълум қилинди.
Унда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Энергетика вазирликлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилиб, шаҳар атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш борасидаги ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА