Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида сўзлаган нутқи кенг муҳокама қилинди.
Йиғилишда қайд этилганидек, давлат раҳбари ўз нутқида экология, атроф-муҳит ҳамда Орол муаммосига алоҳида тўхталиб ўтди. Дарҳақиқат, юртимизда экологик таҳдидларнинг салбий таъсири ортиб бормоқда. Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазият тобора кескин тус олмоқда. Буни мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларида содир бўлган қум бўронлари ҳам яна бир бор тасдиқлади.
Давлатимиз раҳбари нутқида бу борада Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюциясини ҳаётга татбиқ этишга доир тизимли ва комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланган.
Шунингдек, БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш борасидаги фаолиятни жадаллаштириш, жорий йил август ойида мамлакатимизда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги конференцияда қабул қилинган қарор ва ҳужжатларнинг изчил бажарилиши учун халқаро ҳамкорлар билан зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши назарда тутилган.
Йиғилишда Тараққиёт стратегияси доирасида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, жамоат транспорти ҳамда ҳудудлараро мунтазам автомобиль, темир йўл ва ҳаво қатновини яхшилаш бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилиши қайд этилар экан, бу борада Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси олдида муҳим вазифалар тургани таъкидланди.
Депутатлар ушбу йўналишдаги мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, экологик таҳдидларнинг салбий таъсирини камайтиришга доир ўз таклиф ҳамда мулоҳазаларини билдирдилар. Йиғилиш сўнггида фракция олдидаги вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА