Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг навбатдаги йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йилдаги ҳамда 2025 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот партияларнинг дастурий йўналишлари нуқтаи назардан кўриб чиқилди.
Хусусан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси муҳокамаларида партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш, Оройбўйи ҳудудида экологик ҳолатни яхшилаш, қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни қўллаш, ер унумдорлигини яхшилаш тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳисоботда тақдим этилганидек, 2024 йилда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси тадбирлари учун давлат бюджетидан 6,2 триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги харажатлар учун эса 100 миллиард сўм режалаштирилган бўлиб, ушбу маблағларнинг 52 миллиард сўми “Менинг боғим” лойиҳасига йўналтирилган. Шунингдек, 2024 йилда 1 минг 887 гектар ҳимоя ўрмонларини барпо этиш ишлари амалга оширилган.
Жорий йилнинг биринчи чорагида эса экология ва атроф-муҳит муҳофазаси тадбирлари учун давлат бюджетидан 913,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Ҳисобот даврида Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи минтақасида 124,5 минг гектар, тоғолди ва бошқа ҳудудларда 1,5 минг гектар майдонида ўрмон барпо этиш ва қайта тиклаш тадбирлари бажарилган. Ўрмон тадбирлари учун 700 тонна чўл ва бошқа турдаги ўсимликлар уруғлари тайёрланган. Хўжаликларда 487 гектар ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил этилган. Чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларида чўлланиш ва қум кўчиши, сув ва тупроқ эрозиясининг олдини олиш ҳамда экологик муҳитни яхшилаш мақсадида 257 гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари (иҳота) барпо этилган.
Қизғин муҳокамалар давомида фракция аъзолари амалга оширилаётган экологик тадбирлар натижадорлигини янада ошириш лозимлигини, бу эса бугунги экологик муаммоларни юмшатишга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. Бунинг учун йўналтирилган маблағларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ ўзлаштириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси муҳофазаси, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, чиқинди муаммоларини ҳал этиш йўлида оқилона фойдаланиш зарурлиги айтилди.
Депутатлар жойлардаги ўрганишларда дуч келинган айрим муаммолар юзасидан ҳам масъулларга саволлар билан мурожаат қилиб, бюджет маблағлари самарадорлигини ошириш бўйича қатор таклифларни билдирдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА