Андижон давлат чет тиллар институтида “Давлат органлари, ташкилотлари раҳбар ва ходимларининг экологик билимини ошириш – муҳим масала” мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилоят кенгаши томонидан Андижон вилоят адлия, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармалари ҳамда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган семинарда қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари, ходимлари, партия фаоллари, депутатлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган семинарда аҳолининг, хусусан, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, мутахассислари ҳамда ёшларнинг экологик билим, маданият ва саводхонлигини, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш масалалари, бу борадаги ютуқ ва муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.
[gallery-24761]
Дастлаб семинарда мутахассислар томонидан Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарори мазмун-моҳияти, аҳамияти ва долзарблиги ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, қарордан келиб чиқадиган муҳим вазифалар хусусида сўз юритилди.
– Мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган семинарнинг асосий мақсади иштирокчилар, улар орқали аҳоли ва ёшларнинг экологик билим ва маданиятини оширишдир, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилоят кенгаши раиси Хуршидбек Юсупов. – Қолаверса, вилоятда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар хусусида кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, тарғибот ишларини янада кучайтириш кўзда тутилган.
Семинарда мутахассислар томонидан фуқароларнинг экология ва атроф-муҳитга бўлган муносабатини яхшилаш, аҳолининг экологик билим ва саводхонлигини юксалтириш мавзуларида маърузалар ўқилди. Бу борадаги, айниқса, тарғибот ишларини самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Мавзу доирасида мунозара, савол-жавоблар бўлди.
Семинар иштирокчиларнинг экологияга оид билим ва саводхонлигини, маданиятини оширишга, экологик муаммоларга нисбатан муросасиз муносабатини шакллантиришга хизмат қилади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари