Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик рейтингни аниқлаш бўйича ишлар муҳокама қилинди
11:37 / 2024-08-29

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бугунги кундаги энг муҳим масалалардан бирига айланган. Бу борада мамлакатимизда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан экологик вазиятни яхшилаш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарнинг «мастер-режа»сини ишлаб чиқиш, ҳудудларда автоматик ҳаво мониторинг станциялари ҳамда пойтахт кўчаларида атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичларини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатилганлик ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганилди. Мазкур ўрганиш якунларига бағишланган қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишида кун тартибидаги масала юзасидан Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ахбороти эшитилди.  

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларнинг инсонлар соғлиғига зарарли таъсирининг олдини олиш, санитария ва экологик ҳолат сифатини ошириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Шунингдек, ҳар бир ҳудуднинг 2030 йилгача мўлжалланган экологик «мастер-режа»сини ишлаб чиқиш юзасидан ҳам қатор ишлар қилиняпти.  

Хусусан, шаҳарларнинг экологик рейтингини аниқлаш мақсадида «Green city index» услубиёти қабул қилинган. Мазкур услубиёт асосида 13 та ҳудуднинг маъмурий маркази, Тошкент шаҳрининг экологик индикатор-кўрсаткичлари таҳлил қилинган. Ушбу шаҳарларнинг экологик паспортлари, 2023 йил учун экологик рейтинги шакллантирилган ва улардан очиқ фойдаланиш имконини берувчи greencities.uz онлайн платформаси яратилган.  

Шунингдек, намуна сифатида Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг экологик «мастер-режа»лари тайёрланиб, тақдимоти ўтказилган. Бугунги кунда Жиззах шаҳрининг экологик «мастер-режа»сини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, 16 та шаҳар ва туманларда автоматик ҳаво мониторинги станциялари ўрнатилган. Ушбу шаҳарлардаги кузатув пунктларидан олинган атмосфера ҳавосининг сифати ҳақидаги маълумотлар monitoring.meteo.uz, data.meteo.uz сайтлари, вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида доимий равишда ёритиб борилган.  

Муҳокамаларда депутатлар айрим камчиликларга тўхталиб ўтди. Жумладан, ҳудудларда автоматик кичик станциялар ўрнатилиши кечикаётгани, пойтахт кўчаларида атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар етарли даражада ўрнатилмаганига эътирозлар билдирди.  

Тадбирда аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди ва қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.  

М.Комилова, ЎзА