Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик партия айиқ ўлдирилгани воқеасига муносабат билдирди
20:14 / 2021-05-12

Ижтимоий тармоқларда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси рухсати билан Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қўнғир айиқ россиялик овчи томонидан ўлдирилгани ҳақида тарқалган маълумотлар юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси қуйидагиларни маълум қилади.

Она табиатнинг ажралмас қисми бўлмиш ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, асраб-авайлаш ва ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш барчамизнинг бурчимиздир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасига мувофиқ, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар.  

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни 17-моддасида камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар турларини муҳофаза қилиш белгиланган. Унга мувофиқ, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонларнинг турлари нобуд бўлишига, сони камайиб кетишига ёки яшаш муҳити бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларга йўл қўйилмайди.

Шу билан бирга, мазкур қонуннинг 19-моддасига асосан, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олиш тартиби белгиланган. Жумладан, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар турларини:

махсус яратилган шароитларда кўпайтириш ва кейинчалик табиий яшаш муҳитига қўйиб юбориш мақсадида;

илмий ва назорат ишларини амалга ошириш учун;

қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида зарур бўлган ҳолларда табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олинган ҳолда ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатнома бўйича йўл қўйилади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонуни 30-моддасига мувофиқ, камёб ва йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвонлар турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олиш алоҳида тартибда йўл қўйилиши мумкинлиги белгиланган.

Бугунги кунда амалдаги тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарори ҳамда ушбу қарорга 2-илова “Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги Низом билан белгиланган.

Ушбу Низомга мувофиқ, қизил китобга киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвон турларини табиий муҳитдан ажратиб олишга рухсатномалар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси келишувига асосан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан расмийлаштирилади. Шунингдек, камёб ва йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвонлар турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишга қайси ҳолларда рухсат берилиши аниқ белгиланмаган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш ва уларга рухсат бериш тўғрисидаги низомлар амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари асосида қайта кўриб чиқилиши;

Қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида зарур бўлган ҳолларда, камёб ва йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвонлар турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишга рухсат бериш мезонларини аниқ белгиланиши;

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишга доир рухсатномаларни расмийлаштиришни шаффофликни таъминлаган ҳолда, электрон шаклда Давлат экология қўмитасининг ахборот тизимларига қўшимча равишда Давлат хизматлари марказлари ва Ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали амалга оширилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Ўзбекистон Экологик партияси

Матбуот хизмати