Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик назорат ва “яшил ислоҳотлар” натижалари
12:19 / 2026-01-10

Сирдарё вилоятида 2025 йил атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик назоратни кучайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бошқарма ўз фаолиятида давлат қонунчилиги, Президент фармонлари ва вазирлик буйруқлари асосида жамоатчилик ва корхоналар фаолиятини мониторинг қилди.

– Йил давомида 4 221 та рейд ўтказилиб, 4 188 та жавобгар шахсга жами 4,95 млрд сўмлик жарима солинди, – дейди Сирдарё вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Дилшод Элмуродов. – Шу маблағдан 2,97 млрд сўм тўлиқ тўланди, қолган қисми эса белгиланган муддатда тўлаганлиги учун имтиёз сифатида ҳисобга олинди. 386 та мансабдор шахсга 1,08 млрд сўм, 3 802 та фуқарога эса 3,88 млрд сўм жарима солинди.

Бундан ташқари, хўжалик юритувчи субъектлардан муддати ўтган компенсация тўловлари ундирилиши бўйича 74 та даъво аризаси судларга киритилди ва 1,023 млрд сўмлик тўловлар ҳисобга туширилди. Шу билан бирга, табиатга етказилган зарар бўйича 52 та суд даъво аризаси киритилди. 47 таси бўйича 779,6 млн сўмлик зарар суд томонидан қаноатлантирилди, қолган қисми ҳудудий органлар томонидан мажбурий тарзда ҳисобга олинди.

Дарахтларнинг қимматбаҳо навларини кесилишини олдини олиш мақсадида мораторий узайтирилганига қарамасдан, ноқонуний кесишнинг 90 та ҳолати аниқланди. Шунга кўра, 769,5 млн сўмлик жарима ва 273,7 млн сўмлик табиатга етказилган зарар белгиланди. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш қоидаларини бузган 33 та ҳолатда 195 млн сўмлик жарима ва 17,5 млн сўмлик даъво суммалари қўлланди. Ноқонуний балиқ овлаш бўйича эса 35 та ҳолатда 139,7 млн сўмлик жарима ва 40,5 млн сўмлик даъво суммалари белгиланди.

Иқтисодий ва экологик талабларни бажармаган 5 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўхтатилди. Атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган 5 та корхонада чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилди ва модернизация қилинди. Шунингдек, 6 та саноат объектда автоматик мониторинг станциялари ва стационар кузатув постлари ишга туширилди.

“Тоза-ҳаво” тадбири доирасида 26 000 та транспорт воситаси газоанализатор ускуналари билан текширилди. Меъёрдан юқори чиқинди газ чиқарган 169 та воситага 32,35 млн сўмлик маъмурий жарима қўлланди ва улар мажбурий техник кўрикдан ўтказилди.

Иссиқхоналар ва саноат объектларида ноқонуний ёқилғи материалларидан фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида 32 та объектда профилактик тадбирлар ўтказилди. 92 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди ва жами 89,5 млн сўмлик маъмурий жарима солинди. Шунингдек, 15 та кўча ва 85 та жамоат жойи намлантирилди, 15 км ариқлар тозаланди ва 5 та фаввора ишга туширилди.

– Табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва рекултивация ишлари ҳам кенг йўлга қўйилди, – дейди бошқарма бошлиғининг ўринбосари Шуҳрат Нўъмонов. — 2025 йилда 9,2 га бузилган ер майдонлари рекултивация қилинди. “Яшил макон” ва “Менинг боғим” лойиҳалари доирасида 17,96 млн дона манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилди ва жорий мавсумда ҳам уларнинг барчаси экилди. 18 км масофада суғориш тизимлари ташкил этилди ва 11 та янги сув қудуқлари барпо этилди.

Мирзаобод туманидаги Боғистон МФЙ ҳудудида 500 гектар майдонда яшил белбоғ лойиҳаси доирасида 900 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари экиш амалга оширилди. Темир йўл бўйларида 13 та тик қудуқ кавланиб, 11 та сув сақлаш бачоклари ташкил этилди. Шунингдек, темир йўлнинг икки четидан 70,6 минг туп дарахт кўчатлари экилди.

Сирдарёда 2024 йилдан бошлаб амалга оширилаётган “Менинг боғим” ва “Яшил боғ” лойиҳалари доирасида умумий 10,48 гектар яшил ҳудудлар ташкил этилди. 2025 йилда эса 689 минг дона кўчат экилган 166 гектар яшил ҳудуд яратилди. Гулистон шаҳрида пиёдалар ва велосипед йўлаклари бўйида дарахт ва ўсимликлар экиш орқали 4,2 км узунликда “Сояли сайр кўчалари” ташкил этилди. Туман ва шаҳар ҳудудларида 3,5 км узунликда яшил белбоғлар барпо этилди.

Экологик мониторинг ва назорат ишлари ҳам кенг амалга оширилди. 54 та корхонада атмосфера ҳавоси, оқова ва чиқинди сувлар ҳамда тупроқ зарарланиши мониторинги олиб борилди. Давлат экологик экспертизаси маркази томонидан 1 546 т лойиҳа ҳамда экологик меъёрий ҳужжатлар кўриб чиқилди ва 972 та буюртмачига давлат экологик экспертиза хулосаси тақдим этилди.

Ғулом Примов, ЎзА