Сирдарё вилоятида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, ифлосланиш манбаларини камайтириш ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида “Тоза ҳаво” республика тадбирининг илк икки босқичи доирасида 26 мингдан ортиқ транспорт воситалари Газоанализатор ускунаси ёрдамида текширувдан ўтказилиб, чиқинди чиқариши меъёрдан ортиқ бўлган 169 та автомашина аниқланди. Уларга 32 миллион 353,5 минг сўм жарима қўлланилиб, техник кўрикдан ўтказиш учун йўналтирилди.

– Тадбирлар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда Ички ишлар вазирликларининг жорий йил март–апрель ойларидаги қўшма кўрсатмалари асосида ўтказилди, – дейди вилоят Экология бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Нўмонов. – Мақсад — ҳаво ифлосланиш манбаларини аниқлаш ва уларнинг саломатликка салбий таъсирни бартараф этиш ҳамда экологик назоратни кучайтириш.

Вилоятдаги саноат ва қурилиш корхоналарида ҳам атроф-муҳит муҳофазасига жиддий эътибор қаратилмоқда. Янги ишлаб чиқариш субъектларига самарадорлиги камида 99,5 фоиз бўлган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш талаби қўйилган. Ҳозирда 13 та қурилиш корхонаси фаолият юритиб, барчаси экологик экспертизадан ижобий хулоса олган. Шу билан бирга, 1–2-тоифали 29 та корхона доимий экологик назоратга олинган.

– Хусусан, “Boyovut Techno Cluster”, "Baxtteks-Farm", “Sardoba Universal Cluster”, “Indorama Agro Cluster” ва “Vhit gold cluster” МЧЖларга юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш вазифаси юклатилган, – дейди Шуҳрат Нўмонов. – “Baxtteks-Farm” да ускуналар янгиланди, қолганларида ҳам ишлар босқичма-босқич давом этмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, саноат ва транспорт чиқиндиларини чеклаш атмосфера тозалигини таъминлашда устувор аҳамиятга эга. Бу нафақат табиат, балки инсон саломатлиги учун ҳам муҳим.
Сирдарё вилоятида экологик хавфсизликни мустаҳкамлаш ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган фаолиятни йўлга қўйиш ишлари изчил давом этмоқда.
– Бу фақат назорат тадбири эмас, – дея таъкидлайди Шуҳрат Нўмонов. – Бу аҳолининг ҳаёт сифати ва минтақанинг барқарор ривожланишига хизмат қиладиган изчил ишлардир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири