Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик муаммоларни ҳал қилишда минтақавий ҳамкорлик зарур
15:52 / 2025-12-23

Қум ва чанг бўронлари аҳоли саломатлиги, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва табиий экотизимларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Қуруқ иқлим, ер деградацияси ва ўсимлик қопламининг камайиши ушбу жараёнларни янада тезлаштирмоқда.

Яқинда Озиқ-овқат тизимлари, ердан фойдаланиш ва қайта тиклаш таъсири дастури доирасида ФАО кўмагида тайёрланган “Ўзбекистонда қум ва чанг бўронлари: таъсирни тушуниш ва юмшатиш учун атмосфера моделлаштириш” номли ҳисобот ушбу муаммони чуқур илмий таҳлил қилди.  

Тадқиқот натижалари шундан далолат берадики, стратегик кўкаламзорлаштириш, деградацияга учраган ерларни тиклаш ва барқарор ер бошқаруви амалиётларини жорий этиш ҳаводаги чанг миқдорини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.

Айрим ойларда асосий манба ҳудудларида мақсадли ўсимлик қоплами орқали ҳаводаги чангни 80 фоизгача камайтириш мумкинлиги аниқланди. Бу табиатга асосланган ечимлар қум ва чанг бўронларига қарши самарали восита эканини тасдиқлайди.

Шу билан бирга, ҳисобот қум ва чанг бўронларининг трансчегаравий хусусиятини ҳам очиқ-ойдин кўрсатиб берди. Айрим ҳудудларда ҳаводаги чангнинг 70 фоизгача қисми Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида шаклланади. Бу эса бирор давлат ушбу муаммони якка ҳолда тўлиқ ҳал қила олмаслигини, мувофиқлаштирилган минтақавий ҳамкорлик, умумий мониторинг ва эрта огоҳлантириш тизимлари зарурлигини таъкидлайди.

Ҳисоботда миллий ва минтақавий сиёсатларни уйғунлаштириш, чанг бўронларини мониторинг қилиш ва прогнозлаш инфратузилмасига сармоя киритиш, шунингдек, барқарор ер бошқаруви амалиётларини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилган. Бу чора-тадбирлар нафақат қисқа муддатли хавфларни камайтиради, балки узоқ муддатли экологик барқарорликка ҳам хизмат қилади.

Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 2024 йил Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган UNCCD COP16 анжуманида ушбу ҳисоботни тақдим этар экан, қум ва чанг бўронлари Марказий Осиё учун энг долзарб экологик муаммолардан бири эканини таъкидлаган эди. Ушбу тадқиқот илмий асосланган ёндашувлар ва трансчегаравий ҳамкорликни уйғунлаштириш орқали минтақа бўйлаб янада барқарор ландшафтларни шакллантириш мумкинлигини кўрсатиб берди.

Бу йўлда миллий саъй-ҳаракатлар халқаро ҳамкорлик билан уйғунлашгандагина барқарор ва узоқ муддатли натижаларга эришиш мумкин бўлади.

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА мухбири