Мамлакатимизда инновацион иқтисодиётни ривожлантириш ва экологик барқарорликни таъминлаш масалалари тобора устувор аҳамият касб этмоқда. Айниқса, атроф-муҳит муаммоларига технологик ва тадбиркорлик ечимларини таклиф этувчи “яшил” стартаплар йўналиши бугунги кунда талаба-ёшлар орасида катта қизиқиш уйғотяпти.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўтказилган галдаги тадбир ҳам шу каби “яшил” стартаплар ва экологик муаммолар ечимларига бағишланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бу амалий тадбирлар, маҳорат сабоқлари ва мулоқот майдонлари ёшларнинг ғояларини ривожлантириш, уларни бизнес лойиҳаларга айлантириш ҳамда экологик муаммоларни ҳал этишда фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилишини қайд этди.

Тадбирда айтиб ўтилганидек, стартап яратиш жараёни аввало муаммони аниқлаш ва унинг долзарблигини чуқур таҳлил қилишдан бошланиши лозим. Экологик масалаларни ҳал этишга қаратилган ғоялар илмий изланишлар билан уйғунлашган ҳолда нафақат амалий аҳамият касб этади, балки инновацион бизнес учун янги имкониятлар яратади.

– Мазкур учрашув нафақат назарий билим, балки амалий кўникмалар бергани билан қимматли. Энг муҳими, талаба-ёшлар стартап экотизимининг ҳақиқий иштирокчилари билан юзма-юз мулоқот қилиш, ўз ғояларини синаб кўриш ва уларни қандай қилиб реал бизнесга айлантириш мумкинлигини амалиётда кўриш имконига эга бўлди. Бугун бу ерда айтилган ҳар бир фикр, ҳар бир маслаҳат ёшларимизнинг эртанги муваффақиятли стартаплари пойдевори ҳисобланади. Экологик муаммолар эса бугунги кунда бутун инсоният олдида турган энг долзарб масалалардан бири бўлиб, айнан ёш тадбиркорлар бу соҳада зарур ечимларни таклиф қила олади, – деди университет катта ўқитувчиси Улуғбек Камолиддинов.
Тадбир якунида фаол талабаларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА