Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ, “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган таҳлилий назорат маркази” давлат муассасаси негизида “Экологик мониторинг миллий маркази” давлат муассасаси ташкил этилади.
Экология қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор ҳисобланади ва ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади ҳамда унинг фаолиятига ушбу мансабдор шахсларнинг аралашуви тақиқланади.
Экология қўмитасининг жорий фаолиятига Ўзбекистон Республикси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси раҳбарлик қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармалари раҳбарлари Экология қўмитаси раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Ҳудудий бўлинмалар ва туман (шаҳар) бўлимлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига кирмайди ҳамда ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ва Экология қўмитаси олдида ҳисобдор бўлади.
2026 йил 1 сентябрга қадар Ягона экологик онлайн платформа фаолияти йўлга қўйилади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб ўрмон фондига кирмайдиган дарахт билан қопланган аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари) ер майдонларини олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга жамоатчилик томонидан тақиқ қўйиш бўйича ташаббус киритиш имкони яратилади. Бунда:
а) фуқаро давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади;
б) дарахт билан қопланган ер майдони жойлашган маҳалла аҳолисининг 10 фоизидан кам бўлмаган қисми тақиқ қўйишга розилик билдирган тақдирда, Экология қўмитаси томонидан ушбу майдонни олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга тақиқ қўйилади;
в) Кадастр агентлиги тегишли ер майдони хусусий мулк ҳисобланмаслиги ёки бошқа ер тоифасига кирмаслигини ўрганиб, ижобий ҳолларда Экология қўмитаси томонидан ушбу майдонга қўйилган тақиқни рўйхатдан ўтказади.
Экология қўмитаси тизимидаги мавжуд муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар умумдавлат аҳамиятига эга муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳисобланади.
ЎзА