Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик масъулият ва ресурсларни оқилона бошқариш муҳим вазифа
19:04 / 2025-07-24

Саноат соҳасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир. “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарида ушбу йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнларида сув ва энергия ресурсларини тежаш, чиқиндиларни камайтириш ва уларни қайта ишлаш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг январь-июнь ойларида жами 8,2 миллиард сўмлик 58 та тадбир амалга оширилиши натижасида атмосферага ташланмалар 6,5 минг тоннага камайтирилди. 399 тонна чиқинди ҳосил бўлишининг олди олинди, 15 800 тонна чиқинди утилизация қилинди, 33000 метр куб ичимлик ва 277000 метр куб артезиан суви иқтисод қилинди, сув ташламалари  135000 метр кубга ҳамда токсик ташламалар  1700 тоннага камайди. 

Шу билан бирга “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида мунтазам мониторинг ишлари амалга ошириб келинмоқда. Бу жараён доимий равишда ҳаво, сув, тупроқ ҳамда чиқиндиларнинг таркиби ва таъсирини назорат қилиш орқали амалга оширилади. Мониторинг орқали зарарли моддаларнинг миқдори, уларнинг меъёрдан ошиш ҳолатлари ва чиқиндилар оқибатида юзага келадиган экологик хатарлар барвақт аниқланади.

Жамият ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлагановнинг маълум қилишича, мониторинг жараёнлари корхоналарда фақат норматив талабларни бажариш учун эмас, балки экологик хавфларни олдиндан аниқлаш, соғлом иш муҳитини таъминлаш ва аҳоли саломатлигига бўлган эҳтиёт чораси сифатида ҳам фаол амалга оширилмоқда. 

- Бундан ташқари, ушбу маълумотлар тегишли давлат ташкилотларига тақдим этиб борилади. Бу эса экологик шаффофликни таъминлайди.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва мамлакатимизни яшил ҳудудга айлантириш мақсадида амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунга қадар баҳор мавсумида тармоқ корхоналарида 30 гектар ерга жами 491,6 минг дона, шу жумладан, корхоналарда 367 минг дона ҳамда раҳбар ва ишчи ходимлар хонадонларида 124,6 минг дона намунавий равишда манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди. 5 гектардан ортиқ ерда “яшил белбоғʻ”лар яратилди. Катта автомобил йўлларининг четларига 10 қатордан манзарали дарахтлар экилди ва томчилаб суғориш тизими йўлга қўйилди, - деди Ҳ.Тўлаганов.

Шунингдек, экилган дарахтларни парваришлаш ва уларнинг униб-ўсиши учун корхоналарда томчилаб суғориш тизимини йўлга қўйиш бўйича масъул шахслар тайинланди. Шу билан бирга кўчатларни томчилаб суғориш тизими билан таъминлашга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА