Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик масалаларнинг ечими фақат илмда
12:00 / 2023-02-27

Экологик хавфсизлик борасидаги маданиятни шакллантириш, бу йўналишдаги таълим масалалари педагог олимлар диққатини доим ўзига тортиб келган.

Мазкур муаммо бўйича дунё олимлари, юртимиз мутахассислари томонидан бир қатор тадқиқот ишлари олиб борилган. Аммо мамлакатимизда ҳали экологик таълим-тарбия масалалари долзарблигича қолмоқда.

Мазкур мавзу юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев қуйидагиларни сўзлаб берди.

Экологик саводхонлик ва маданият, аввало, оиладан бошланади. Экологик дуёнқарашни шакллантиришнинг негизи оиладаги тарбияга бевосита боғлиқдир. Агар бу масала оилада тўғри йўлга қўйилмаган бўлса, уни мактабларда, кейинги таълим босқичларида ҳамда меҳнат жараёнларида қарор топтириш қийин бўлади. Аждодларимиз авваллардан бола тарбиясига катта аҳамият беришган. Болани ёшлигидан бошлаб оилада меҳнатга онгли муносабатни уйғотиш, табиатга, атроф муҳитга ҳурмат, ободонлаштириш ҳиссини шакллантириш даркордир.

Оила даврасида фарзандларга «Сувга туфлама, уни ифлос қилма», «Дарахтнинг шохини синдирма», «Пишмаган мевани узма, унда бошқа инсонларнинг ҳам насибаси бор», деб тарбия берилган.

Баъзилар молларини экинзорларда, боғларда ҳатто мевали ва манзарали дарахтларга боғлаб боқишади. Ёки оилавий дам олишга чиқишганда ўт- ўланларни пайҳон қилади, қир-адирларда шиша синиқлари, овқат қолдиқларини ташлаб кетади. Ахир боболаримиз табиатга зарар келтирилмаганку.

Тарбиячи ўзини шундай тутиши лозимки, унинг ҳар бир ҳаракати шахсни фикрлашга ундасин.

Мактабгача ёшдаги болаларда мулоқот қобилиятлари ва биргаликдаги фаолият, мустақил ҳаракат қилиш қобилияти, бошқалар билан биргаликда интизом ва мақсад, умумий натижага эришиш истаги пайдо бўлади. Бу қисқа тарихий даврда сезиларли натижаларга эришиш имконини берадиган «гуруҳ онги»ни шакллантиришнинг дастлабки босқичидир. Шунинг учун ҳам айнан экологик таълим-тарбияни боғча ёшиданоқ шакллантириш мақсадга мувофиқдир. Аммо кузатувларимиз натижасида амин бўлдикки, ҳали бу борада кўзга кўринарли ишлар амалга оширилгани йўқ. Мактаб дарсликларида бир-икки соат экологик билим олиш учун ажратилган соатлар эса етарли деб ўйламаймиз. Фикримизча боғча учун алоҳида экологик таълим-тарбия берувчи дастурлар, мактаблар учун алоҳида экология фани асосидаги дарс соатлари ажратилиши керак. Чунки бугунги экологик вазиятнинг ўзи шуни тақозо этиб турибди.

Экологик муаммоларнинг ечими албатта илм орқали топилишини барчамиз яхши англаймиз. Аммо айни ҳозирги даврда экология соҳасида кадрлар тайёрлаётган ОТМларда илмий салоҳият етарли эмас, илмий тадқиқот ишлари кам. Сўнгги 5 йилда бор йўғи 4 та фан доктори экологик мавзуда докторлик, 32 та фан номзоди даражасидаги ишлар ҳимоя қилинган. Ҳимоя қилинган ишларнинг ҳам ҳаммаси ўткир экологик масалаларга бағишланмаган. Илғорларини эса ҳаётга татбиқ этиш даражаси паст.

Шу ўринда бу борада хориж тажрибасига эътибор қаратамиз. Кунчиқар мамлакат Япония мамлакати аҳолиси ўзи яшаб турган хонадондан тортиб, юртининг чекка бир ҳудудларигача – барча жойда тозаликни бир хил қўллаб-қувватлайди ва шунга риоя қилади.

– Бошланғичдан ўрта мактабгача бўлган 12 йиллик мактабда тозалаш ишлари кундалик дарс жадвалининг бир қисмидир, – дейди Хиросима ҳукуматининг Токиодаги ваколатхонаси директори ўринбосари Майко Aване. – Бу шуни англатадики, бу ерда ҳаттоки мактабларда ҳам фаррошлар йўқ. Ҳожатхона, синфхона, ошхона – барчасини ўқувчиларнинг ўзи тозалашади.

Дунё мамлакатлари орасида япон миллати энг узоқ умр кўради, бунга сабаб, Япония халқи экологик қонунлар ва тартибларга риоя қилувчи ҳисобланади. Япон миллатида экологик онг, экологик маданият ва тушунча юқори. Улар ўзлари яшаб турган табиатни жуда авайлайди.

Япониялик ота-оналар эса болага хонаси ва нарсаларининг тоза ва озода бўлмаслиги жуда ёмон эканлигини ўргатишади. Ижтимоий ўзига хосликнинг ушбу қисмини ўқув дастурига киритиш болаларда атрофдаги ҳамма нарса учун масъулиятни ривожлантиришга ёрдам беради. Ўзи ҳар куни тозалайдиган мактабни ким ҳам ифлослантириши мумкин?!

Бундан ташқари, японлар табиатни севадилар ва унинг гўзаллигини чин қалбдан ҳис қила оладилар. Япония аҳолисининг табиат билан тўлиқ уйғунликда яшаш истаги жуда ҳам кучли. Уларга табиат гўзаллигига меҳр-муҳаббат, ундан баҳраманд бўлишга мойиллик, чизиқлар, шакллар, композициялар нафислигини нозик ҳис қилиш она сути билан киради, десак хато бўлмайди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, нафақат бизнинг ўлка, балки бутун ер сайёраси учун бугун экологик билим ва маданиятга эга бўлиш замон талаби.

И.Аввалбоев ёзиб олди.