Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик масалаларда ёшларнинг иштироки
14:30 / 2026-01-22

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашида партиянинг ёшлар билан ишлаш йўналишида 2025 йилда амалга оширилган ишлари ҳамда 2026 йилдаги вазифалари юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев иштирок этиб, мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталди. Шунингдек, юртимиздаги экологик ҳолатни яхшилашда ёшларнинг ўрни беқиёслигини қайд этиб, жорий йилда маҳаллаларда экологик маданиятни юксалтириш, “тенгдош тенгдошга” тамойили асосида ёш авлоднинг атроф-муҳитга бўлган муносабатини ўзгартириш борасида партия ёшлари олдида муҳим вазифалар турганини таъкидлади.    

Тадбирда маълум қилинганидек, ўтган йил партия томонидан ёшлар иштирокида 2,5 мингдан ортиқ тарғибот, маърифий ва амалий тадбирлар ўтказилган ва уларда 110 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинган.

Ёшлар ўртасида 150 дан ортиқ экологик танловлар ташкил этилиб, уларда 18 мингга яқин ёшлар иштирок этди. Хусусан, “Экозаковат” интеллектуал турнирида 100 дан ортиқ олий таълим муассасаларининг 15 мингдан зиёд талабалари иштирок этди.

Ўзбекистон Экологик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Азизбек Акбаров аҳоли ва ёшларнинг табиатга бўлган муносабатини ўзгартиришда фаол йигит-қизларнинг фидойилиги муҳим эканини қайд этди. Бу борадаги ишларда Қонунчилик палатаси депутатлари уларга яқиндан ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

Тадбирда партиянинг ёшлар йўналишидаги вазифалари, амалий чора-тадбирлари белгилаб олинди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА