English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик маданиятни тарғиб қилувчи лойиҳа
13:53 / 2025-09-14

Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги “Халқаро шахмат мактаби”да ёшларнинг экологик саводхонлигини ошириш ва маданиятини ривожлантиришга бағишланган “Яшил келажак” эко оромгоҳ ташкил этилди.

150 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этган эко оромгоҳ доирасида иқлим ўзгариши, ичимлик суви муаммолари, экологик лойиҳаларни ёзиш ва амалга ошириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ҳамда пластик чиқиндиларнинг атроф-муҳитга таъсири ва уларни камайтириш каби долзарб мавзуларда машғулотлар ўтказилди.  

Машғулотлар давомида ёшлар гуруҳларга бўлиниб, ўз лойиҳаларини тақдим этди.  

– Тадбиримиз давомида ёшларда экологик маданиятни шакллантириш мақсадида эковолонтёрларнинг лойиҳалари саралаб олинди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходими Элёр Норпўлатов. – Ёшларимиз томонидан 300 дан ортиқ лойиҳа тақдим этилган бўлса, уларнинг 34 тасини энг зўр лойиҳа сифатида саралаб олдик. Уларнинг ичида экологик стартапларимиз бор. Ижтимоий акциялар, ижтимоий лойиҳалар, экологик муаммолар ечимлари бўйича энг яхши таклифлар бор. Ёшларимиз ўз лойиҳа ва таклифларини ҳимоя қилиб, молиявий ҳамкорлар билан суҳбатлашди.    

Жараёнда иштирокчилар ўртасида турли интеллектуал ўйинлари ташкил этиб, ёшлар ўзларининг экологик билимларини синовдан ўтказди.  

5 кун давом этган тадбир доирасида Тўдакўл соҳили бўйида “Яшил келажак сари” шиори остида плоггинг эко акцияси ҳам ўтказилди. Унда иштирокчи ёшлар 5 та жамоага бўлинган ҳолда дам олувчилар томонидан ҳудудда қолдириб кетилган чиқиндиларни йиғиб, тозаликка муносиб ҳисса қўшди.  

Бундан ташқари, экологияга оид “Яшил макон” ўзбек миллий мултфильми, Орол денгизи муаммосига қаратилган “Шўрхок” номли янги қисқа метражли фильм намойиши ҳамда www.батарейкалар.уз лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди.

Шунингдек, тадбирлар давомида Корея Республикасидан ташриф буюрган волонтёрлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Ушбу оромгоҳ экологик маданиятни ошириш, ёшлар онгида “яшил тафаккур”ни шакллантириш ҳамда уларнинг келажак учун масъулиятли қарорлар қабул қилишига ундаши билан аҳамиятлидир.

А.Бўриев, ЎзА мухбири