Ёшлар орасида экологик маданиятни юксалтириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Шу мақсадда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан қатор тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинади.
Пойтахтимиздаги 31-мактабда ўтказилган маънавий-маърифий учрашув ҳам айни мақсадга қаратилди. Унда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати С.Файзиева ҳамда партиянинг “Экология ва саломатлик” аёллар клуби вакиллари иштирок этиб, экологик муаммолар, уларни бартараф этиш, экологик маданиятнинг аҳамияти хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Президентимиз томонидан имзоланган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тақдиқлаш тўғрисида”ги қарорнинг мазмун-моҳияти юзасидан атрофлича тушунтиришлар берди.
Қайд этилганидек, мазкур қарор мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган муҳим тарихий ҳужжат бўлди. Ушбу қарор билан 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси тасдиқланди. Ушбу Концепция она табиатни асраб-авайлаш ҳар бир шахснинг вазифаси бўлишига эришиш, аҳолида атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, айниқса, ёшлар онгида табиатга, экологияга эътибор ва масъулият ҳиссини шакллантириш мақсадларини рўёбга чиқаради.

Учрашув давомида ўқувчиларга атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик муаммоларнинг олдини олиш, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, ёшлар ўртасида экологик маданият ва масъулиятни ошириш каби долзарб масалалар батафсил тушунтирилди.
М.Комилова, ЎзА