Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик ислоҳотларнинг янги босқичи
14:21 / 2025-11-19

Бугун нафақат юртимизда, балки бутун дунёда экологик йўналишдаги муаммоларга қарши курашувчи ташкилотларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда.

Жумладан, 2025 йил 19 ноябрь куни “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони ҳам ушбу соҳага қаратилган жиддий эътибор намунасидир.

Фармонга мувофиқ, бир қатор муҳим ўзгаришлар қайд этилмоқда;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси лавозими киритилади. Президент Администрацияси ташкилий тузилмасида 2 та штат бирлигидан иборат Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаси ташкил этилади.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг 40 нафар штат бирлиги асосида Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) ташкил этилади. Экополиция ходимларига жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни (электрошок қурилмаларини) ва хизмат қуролини (резина ўқли, тўр отувчи) қўллаш ҳуқуқи берилади ҳамда уларнинг махсус кийимига боди-камералар ўрнатилади.

Экология қўмитаси раисининг 4 нафар ўринбосари Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий хизмат ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича тегишли равишда Президент маслаҳатчиси ўринбосарларига тенглаштирилади.

Бу фармон мамлакатда экологик бошқарувни модернизациялаш ва туризмни янада барқарор ривожлантиришга йўналтирилган. Агар чора-тадбирлар амалга оширилса, экология ва туризм ўртасидаги интеграция кучаяди ҳамда фуқаролар ва жамоатчилик ролини оширувчи “оқилона бошқарув тизими” яратилади.

Маҳаллий кенгаш депутатлари сифатида биз ушбу фармоннинг жойларда самарали ижро этилишини таъминлаш, янги бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш, аҳоли билан бевосита ишлашда экологик маданиятни ошириш ва туризм инфратузилмасини мустаҳкамлаш борасида фаол иштирок этишга тайёрмиз.

Биз ушбу ислоҳотларнинг амалий натижаларини таъминлаш йўлида ҳамкорликка тайёр эканимизни билдирган ҳолда, фармоннинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши учун масъул идоралар билан яқиндан ишлашни давом эттирамиз.

Севара Файзиева,

Ўзбекистон Экологик партияси  

Тошкент шаҳар партия ташкилоти раиси,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

ЎзА