Сирдарё вилоятининг Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан 2025 йилнинг январь–ноябрь ойларида 4 минг 221 нафар шахсга нисбатан жами 4 миллиард 957 миллион сўмдан ортиқ маъмурий жарима қўлланилиб, табиатга етказилган юзлаб миллион сўмлик зарарлар ундирилди.
Айрим йирик қонунбузарликлар бўйича эса ўнлаб миллиард сўмлик материаллар прокуратура органларига юборилди. Бу ҳақда бош бошқармада ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
"Экология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиликлар, соҳада жорий этилаётган янги ёндашувлар ва ўзгаришлар” мавзусида ўтказилган анжуманда оммавий ахборот воситалари вакиллари, ташкилотларнинг ахборот хизматлари раҳбарлари, шунингдек, Гулистон, Сирдарё, Боёвут, Оқолтин, Ховос, Сайхунобод туманлари ҳамда Янгиер шаҳри экология бўлимлари раҳбарлари иштирок этишди.
Анжуманда сўзга чиққан Сирдарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шуҳрат Нўъмонов таъкидлаганидек, жорий йилнинг январь–ноябрь ойларида қўлланилган маъмурий жарималарнинг қарийб 2 миллиард 907 миллион сўми ундириб олинган, қолган қисмига эса қонунчиликда белгиланган имтиёзлар татбиқ этилган. Шунингдек, 119 нафар шахсга 511 миллион сўмдан ортиқ табиатга етказилган зарар ҳисобланиб, унинг асосий қисми давлат фойдасига ундирилган.
Маълум қилинишича, ноқонуний дарахт кесиш ва балиқ овлаш билан боғлиқ 16 та ҳолат бўйича 26 миллиард сўмдан ортиқ табиатга етказилган зарар ҳисобланган материаллар прокуратура органларига юборилган. Жумладан, ноқонуний балиқ овлашнинг 8 та ҳолатида 2,8 миллиард сўм, ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесишнинг 4 та ҳолатида эса 2,1 миллиард сўмдан ортиқ зарар аниқланган.
Ҳуқуқбузарликлар турлари кесимида қаралганда, ов қилиш, балиқ овлаш, ўсимлик дунёсига тажовуз, атмосфера ҳавосини ифлослантириш, сув, ер ва ер ости бойликларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари асосий улушни ташкил этган. Айниқса, Сирдарё дарёсини муҳофаза қилиш ҳудудида қум-шағал қазиб олиш билан боғлиқ 4 та ҳолат бўйича 21 миллиард сўмдан ортиқ зарар ҳисобланиб, ишлар прокуратура органларига юборилгани қайд этилди.
Шунингдек, чиқиндилар билан боғлиқ қонунбузарликлар бўйича 2 мингдан ортиқ шахсга маъмурий жарима қўлланилиб, экологик назоратни кучайтириш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Матбуот анжумани давомида иштирокчилар томонидан берилган саволларга соҳа мутахассислари томонидан атрофлича, асосли ва очиқ жавоблар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири