Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кучайтирилади
14:02 / 2025-11-20

Шарҳ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 ноябрдаги “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва туризмни ривожлантириш ҳамда мазкур йўналишдаги давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш борасида бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.  

Мазкур фармонда белгиланган вазифалар моҳиятини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Моҳира Хўжаева батафсил шарҳлаб берди:  

— Мамлакатимизда экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонуни ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқди.  

Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари профилактикаси, уларни аниқлаш ва олдини олишнинг самарали механизмларини жорий этиш, республика аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолати учун давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш мақсадида 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси қабул қилинди. Концепция доирасида тизимли равишда тегишли “йўл харита”лари ва давлат дастурлари амалга оширилмоқда.

Бироқ, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида хуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларнинг аниқ манзилга йўналтирилмагани ва уларга комплекс ёндашилмаётгани, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг тизимли равишда содир этилишига доир сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш самарадорлиги мавжуд эмаслиги кутилаётган натижаларни бермаяпти. Жамиятда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш соҳасида, ер, сув ва атмосфера ҳавосининг ифлосланиши борасида экологик ҳуқуқбузарликлар содир этилмоқда. Улар сонининг ошиб бориши эса экологик барқарорликка путур етказмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан соҳада бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги негизида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилмоқда. Экология қўмитаси “Чиқиндидан холи ҳудуд”, “Тоза ҳаво”, “Яшил макон”, “Эко-маданият” ва “Биомерос” умуммиллий лойиҳаларини амалга ошириш учун масъул орган сифатида белгиланмоқда.

2026 йил 1 апрелдан бошлаб соҳадаги қонунчиликни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш тартибининг жорий этилиши, ўз навбатида, соҳада экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикасида муҳим аҳамият касб этади.  

Шунингдек, ҳужжат билан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси, яъни Экополиция ташкил этилмоқда. Экополиция Экология миллий қўмитасининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга бўлган махсус бўлинмаси ҳисобланади.

Экополиция институти ўз таркибига экологик назорат инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва Жиззах вилоятларидаги табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий махсус прокуратураларидан иборат ҳолда шакллантирилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Бош прокуратура тизимида табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ижроси устидан назорат ҳамда ерлардан ноқонуний фойдаланишни бартараф этиш бўйича ихтисослаштирилган прокуратура ташкил этилган эди. Бунда дастлаб Орол ва кейинчалик Тошкент ва Жиззах табиатни муҳофаза қилиш прокуратуралари ташкил этилди, бу борада инспекция ва прокурор назоратлари уйғунлаштирилди.

Фармон билан ҳудудий прокуратураларга соҳадаги қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишидаажратилган 40 та штат бирлиги Экополицияга ўтказилиши назарда тутилган бўлиб, Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи ҳисобланиши белгилаб қўйилмоқда.

Маълумки, сўнгги йилларда браконьерлар ва бошқа қонунбузарлар томонидан Давлат экологик назорат инспекцияси ходимларининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдидларнинг содир этилиши соҳада ушбу салбий ҳолатларни бартараф этиш ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришни тақозо этади. Бу борада фармон билан Экополиция ходимларига қонунбузарларга, хусусан, браконьерларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва хизмат қуролини (резина ўқли, тўр отувчи) қўллаш ҳуқуқи берилмоқда ҳамда уларнинг кийимига боди камералар ўрнатилади.  

Экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда бу бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш мақсадида бир қатор тавсиялар берилди.  

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш нафақат давлат органларининг, балки шу жамиятнинг аъзоси ҳисобланган ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Энг аввало, табиат ва жамият олдидаги масъулиятни доимо ҳис қилиб яшаш, атрофдаги ҳодисаларга бепарволик билан муносабатда бўлмаслик, табиат неъматлари қадрига етиб яшаш барчамизнинг кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши зарур.

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.

ЎзА