Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йил 1 декабрь куни экологик барқарорлик, қиш мавсумига тайёргарлик ва ёнғин хавфсизлиги масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда ана шу йўналишда амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, Андижон вилоятида экологик барқарорликни таъминлаш бўйича “Долзарб 15 кунлик” тадбирлари ўтказилмоқда. Вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари ҳузурида махсус штаб ва гуруҳлар тузилди. Гуруҳлар раҳбарлигида ҳудудларда ҳавони ифлослантираётган манбаларни аниқлаш, уларнинг фаолиятига чек қўйиш, иссиқхоналар, қурилиш майдонлари, автотранспорт воситалари ва ноқонуний фаолият юритувчи объектлар фаолиятини ўрганиш, салбий ҳолатларни бартараф этиш, шаҳарлар кўчаларини намлаш, ариқларни тозалаш, белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташланишининг олдини олиш, умуман, она табиатни асраб-авайлаш, экологик мусаффоликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар, профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу борада вилоятнинг чекка ҳудудларидан бири Хонобод шаҳрида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
–Шаҳримиз нафақат вилоятдаги, балки республикамиздаги энг тоза, экологик мусаффолиги юқори ҳудудлардан бири саналади, – дейди Хонобод шаҳри ҳокими Элёрбек Абдураҳмонов. – Шундай бўлсада, экологик ҳолатни янада яхшилаш мақсадида тузилган ишчи гуруҳлар бошчилигида йўллар ювилмоқда, ариқлар, йўл четларидаги дарахтлар чангдан тозаланмоқда, шунингдек, рейдлар, тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Рейдлар давомида атмосфера ҳавосини ифлослантираётган манбалар, ноқонуний чиқинди ташлаш, сифатсиз ёқилғилардан фойдалиниш ҳолатлари аниқланиб, уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартиблар асосида чоралар кўрилмоқда.
Ўрганишлар давомида Анҳор маҳалласи ҳудудида жойлашган ошхоналарда тозалик, санитария талаблари бузилганлиги аниқланди. Ишчи гуруҳ томонидан мутасаддилар ҳолатни яхшилаш бўйича қатъий огоҳлантирилди.
[gallery-26554]
Бундан ташқари, аҳоли, ишчи-хизматчилар, ўқувчилар иштирокида ҳар бир маҳалла, меҳнат жамоаси, таълим муассасасларида белгиланган экологик талабларнинг бузилиши, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича тушунтириш ва профилактик тадбирлар ўтказилмоқда, фуқароларнинг экологик билимлари, уларнинг табиат, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга дахлдорлик ҳисси билан яшаш кўникмалари мустаҳкамланмоқда.
Кўрилган тадбирлар натижасида экологик вазият ижобий томонга ўзгармоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари