Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик, энергетик, озиқ-овқат ва иқтисодий муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади
16:13 / 2019-11-06

Хусусан, саноатлаштириш кун сайин жадаллашаётгани ва аҳоли сонининг ортиши иқтисодиётнинг ресурсларга бўлган эҳтиёжини сезиларли даражада оширмоқда.


Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган стратегиянинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Энергетика вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги масъуллари, Экоҳаракат депутатлик гуруҳи аъзолари, экспертлар, соҳа олимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда иқлим ўзгариши шароитида самарали, ресурс тежамкор ва экологик хавфсиз иқтисодиётни таъминлашда ўзаро боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ва эҳтиёжларни қондириш борасида тизимли ишларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Хусусан, саноатлаштириш кун сайин жадаллашаётгани ва аҳоли сонининг ортиши иқтисодиётнинг ресурсларга бўлган эҳтиёжини сезиларли даражада оширмоқда. Шунингдек, атроф-муҳитга салбий антропоген таъсир кучайиб, иссиқхона газлари ажратмаларининг ортишига олиб келмоқда.

Тадбирда соҳа мутахассислари табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш учун инновацион ечимларни жорий этишда устувор миллий мақсад ва вазифаларни тизимли равишда амалга ошириш зарурлигини айтиб ўтди. Маълумки, Ўзбекистон қайта тикланувчи манбалардан энергия ишлаб чиқариш бўйича юқори техник салоҳиятга эга бўлиб, унинг 97 фоизи қуёш энергиясининг улушига тўғри келади. Жумладан, республикадаги қуёш нуридан энергия ишлаб чиқариш салоҳияти йилига 525-760 миллиард киловатт соатни ташкил этади. Сабаби қуёшли кунлар йилига ўртача 320 кун ва фаол қуёш нурлари тушиши 3 минг соатни ташкил этади.

Шу билан бирга, Ўзбекистондаги шамол энергетикасининг салоҳияти амалдаги энерготизимдан 30 баробар кўп бўлган қувватли қурилмаларни жойлаштириш имконини беради. Ўтказилган таҳлиллар иқлимнинг ўзгариши шароитида самарали, ресурс тежамкор ва экологик хавфсиз иқтисодиётни таъминлашда ўзаро боғлиқ муаммолар ва эҳтиёжлар мавжудлигини кўрсатди.

– “Яшил” иқтисодиёт атамаси 1990 йиллар бошидан истеъмолга кириб келган, – дейди Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги бошқарма бошлиғи Одилхон Неъматуллаев. – Бу инсоният ва табиат ўртасидаги уйғун ўзаро таъсирни қўллаб-қувватлайдиган ва бир вақтнинг ўзида ҳар иккала эҳтиёжни бирдай қондиришга йўналтирилган иқтисодиётни англатади. Халқаро ҳамжамиятда “яшил” иқтисодиёт стратегиясига инсоният ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи экологик, энергетик, озиқ-овқат ва иқтисодий муаммоларни ҳал этишга қаратилган асосий ечим сифатида қаралмоқда. Шу туфайли Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини амалга ошириш бўйича бир қатор устувор йўналишлар белгиланган. Жумладан, иқтисодиётнинг базавий тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш, энергия ресурслари истеъмолини диверсификациялаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш зарур. Иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатиш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва табиий экотизимларни асраш керак бўлади.

Анжуманда вазирлик ва идоралар, ННТ вакиллари стратегияни қабул қилиш натижасида яратиладиган имкониятлар ва кутилаётган натижалар, энергия самарадорлигини ошириш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ҳар бир йўналиш бўйича республикада мавжуд салоҳият, мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун зарур бўлган чора-тадбирлар, режалаштирилаётган инвестицион лойиҳалар ҳамда кутилаётган натижаларга алоҳида этибор қаратилди.