Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик барқарорликни таъминлашда инновацион технологиялардан қай даражада фойдаланилмоқда?
10:24 / 2023-04-05

2021-2024 йилларда Оролбўйи минтақасига иқтисодиёт тармоқларида ресурстежовчи ва юқори самарага эга замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ этиш, экологик барқарорликни таъминлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида “Йўл харитаси” ҳамда устувор инновацион лойиҳалар рўйхати тасдиқланган.

“Йўл харитаси”даги еттита йўналиш бўйича 71 тадбирнинг 52 таси бажарилган. Жумладан, Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда илмий-тажриба участкаси ва экофизиологик тадқиқотлар лабораторияси фаолияти йўлга қўйилган.  

Нукус туманида “Ақлли қишлоқ” концепцияси асосида янги замонавий турар жойлар комплексини қуриш учун 19,3 гектар ер майдони ажратиш ишлари бошланган. Гидрометеорология хизмати маркази томонидан атмосфера ҳавоси ифлосланишини автоматик мониторинг қилишга ихтисослашган 7 та ускунани ўрнатишга киришилган.  

Бу маълумотлар Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология  қўмитасининг мажлисида маълум қилинди.    

Мажлисда Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.  

Ҳудудда 65 та устувор инновацион лойиҳаларнинг 36 таси амалга оширилган. Хусусан, Испания технологияси асосида балиқчилик учун кунига 5 тонна замонавий “яшил озуқа” етиштириш технологияси йўлга қўйилган. 720 гектар майдонда мевали боғ яратилган, базальтдан минерал вата, ёғоч ўрнини босувчи қамишдан қурилиш материалларини ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилган.  

Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, айрим лойиҳалар ўз вақтида ишга туширилмагани, соҳада камчилик ва муаммолар сақланиб қолаётгани таъкидланди.  

Мажлис давомида иқлим ўзгаришининг Ўзбекистондаги оқибатларини юмшатиш бўйича қисқа ва ўрта муддатли чора-тадбирларни амалга ошириш режаси бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати ҳам кўриб чиқилди.  

Қайд этилганидек, БМТ ТД, Яшил иқлим жамғармаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон иқтисодиётнинг энг заиф тармоқлари ва минтақаларини иқлим ўзгаришига ўрта ва узоқ муддатли Миллий мослашиш режаси”ни ишлаб чиқиш юзасидан лойиҳа амалга оширилмоқда.  

Ўзбекистон ҳудудининг иқлимий хусусиятларини, шунингдек, хавфли гидрометеорологик ва геофизик ҳодисаларини келтириб чиқарувчи жараёнларни акс эттирувчи Ўзбекистон Республикасининг иқлимий фавқулодда табиий жараёнлар атласи ишлаб чиқилган.  

Шунингдек, мажлисда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.  

2022 йилда Омбудсманга фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 124 мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларда тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқ, қурилиш ишларида шаҳарсозлик қоидаларига риоя қилмаслик, дарахтларнинг кесилиши, тоза ичимлик суви билан таъминланиш, маиший чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар кўтарилган.  

Шикоятларни кўриб чиқиш жараёнида фуқароларнинг тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда инсон ҳаёти ва фаолиятининг экологияга салбий таъсирининг олдини олиш юзасидан чоралар кўрилган.  

 

ЎзА