Президентимизнинг “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида“ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятида ҳам экологик ўрганиш ишлари олиб борилди.
Шу пайтгача масъул ташкилотлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан вилоятнинг бир нечта туманларида иссиқхоналардаги қозонлар фильтрсиз ишлаётгани ва бу ҳолат атмосферага зарарли моддалар чиқишига сабаб бўлаётгани аниқланди.

Хусусан, Тошкент туманидаги Файзобод, Калас ва Ҳасанбой маҳаллаларида жойлашган иссиқхоналар кузатувга олинди. Аниқланган камчиликлар бўйича зарур чоралар кўрилди, ҳавони ифлослантириш омиллари бартараф этилди ва иссиқхона эгаларига МЖтКнинг тегишли моддалари асосида баённомалар расмийлаштирилди.

Шунингдек, мутахассислар томонидан иссиқхона эгаларига экологик хавфсизлик талаблари, ёнилғидан тўғри фойдаланиш қоидалари, мажбурий фильтр қурилмаларининг стандартлари ҳамда чиқиндиларни белгиланган тартибда йўқ қилиш бўйича муҳим тушунтиришлар берилди.

Жумладан, ҳудуддаги Қушқўнди маҳалласида ҳам иссиқхоналар атрофлича ўрганилди. Аслида аҳоли бандлиги, оилавий тадбиркорликни кенгайтириш ва маҳалланинг иқтисодий динамикасини кучайтиришда иссиқхона соҳаси муҳим таянчдир. Шу боис, масъуллар ва маҳалла фаолларидан иборат ишчи гуруҳ ҳудуддаги барча иссиқхонага эга хонадонларни ўрганиб, уларнинг ҳолати, қуввати ва имкониятлари, қолаверса ҳавони ифлослантирмаслик учун кўрилган чораларни жойида баҳолади.
Маҳалла фаоллари билан биргаликда амалга оширилган бу жараён нафақат ҳисоб-китоб учун, балки келгусида ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янада оширишга қаратилган мақсадли режаларни ва аҳолида экомаданиятни шакллантиришга хизмат қилади.
Атроф-муҳитга зарар етказаётган омилларни аниқлаш, экологик назоратни кучайтириш ва атмосферани ифлосланишдан муҳофаза қилишга доир ҳамкорликдаги тадбирлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.