Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик барқарорликни таъминлаш ғояси илгари сурилди
15:19 / 2023-06-16

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Абдушукур Ҳамзаев сурхондарёлик сайловчилар билан учрашди.

Унда Ўзбекистон Экологик партияси ва маҳаллалар фаоллари, партиянинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлари, олимлар, таълим, тиббиёт соҳаси вакиллари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.  

Учрашувда номзоднинг ишончли вакили иштирокчиларни А. Ҳамзаевнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Ҳамзаев ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида атрофлича маълумот берди.  

Дастурда мақсад қилинган режалар юртимизнинг бошқа қатор ҳудудлари сингари бевосита Сурхондарёда юзага келаётган экологик муаммоларни ҳал этиш ва экологик хавфсизликни таъминлашга дахлдор бўлиб, вилоят аҳолисининг экологик ҳуқуқларини таъминлашда муҳим омил бўлади.  

Номзод, шунингдек, сайловолди дастури партиянинг мақсад ва вазифаларига мос ҳолда ишлаб чиқилгани, унда мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш орқали аҳолимизнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш, халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, фаровон жамиятни барпо этиш асосий мақсад этиб белгиланганини таъкидлади. Жумладан, аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган “Барқарор экологик ривожланиш Стратегияси” ишлаб чиқилади. Экология соҳасидаги тарқоқ қонунчилик ҳужжатларини кодификация қилиш орқали табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тартиби ва талаблари ягона соҳавий кодекслар, жумладан, Экология кодекси, Сув кодекси, Ўрмон кодексида мустаҳкамланади.  

Шаҳарлар Бош режаларини тузишда уларда яшил майдонлар камида 30 фоизни ташкил этиши, янги турар жойлар қурилишида “яшил зоналар” аҳоли сонига мутаносиб равишда бўлиши зарурлиги талаби қонунчиликда ўз аксини топади.  

Яшил ҳудудлар, тоғ ён бағирлари, дарё ва кўллар соҳилларидаги ҳар қандай қурилишлар экологик экспертиза ҳамда жамоатчилик назоратидан сўнг амалга оширилиши таъминланади. Хавфли чиқиндилар, тиббиёт ва биологик, қурилиш чиқиндиларини бошқариш ҳамда қайта ишлашни тартибга солувчи “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинади.  

Биологик хилма-хиллик ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари муҳофазасини кучайтириш мақсадида тегишли қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилади.  

Очиқ, самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда сўзга чиққанлар номзоднинг сайловолди дастуридан ҳаётий муҳим масалалар ўз ифодасини топгани, кўп миллатли халқимиз ва жамиятимиз тўкинлиги билан боғлиқ ташаббуслар илгари сурилаётганини қайд этди. Буларнинг барчаси ҳозирги даврдаги долзарб муаммолар ечимига қаратилган бўлиб, уларни рўёбга чиқариш мамлакатимизни барқарор юксалтириш ва халқимиз фаровонлиги учун хизмат қилишини таъкидлади.  

Холмўмин Маматрайимов,  

ЎзА мухбири