Янги йил байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш ҳамда юртимизда экологик вазиятни яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан эълон қилинган “Долзарб 10 кунлик” Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам изчиллик билан давом этмоқда.
Жиззах вилояти экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан Жиззах шаҳрида экологик барқарорликни, чиқинди тўплаш шохобчалари ва бошқа ҳудудларда экологик осойишталикни таъминлаш мақсадида вилоят чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бошқармаси, “Еko-Housе”, “Еko-Sfеra” масъулияти чекланган жамиятлари, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ҳамда чиқинди полигонлари бошқармалари билан ҳамкорликда ҳар куни белгиланган жадвал асосида ҳашарлар уюштирилаётганини таъкидлаб ўтиш лозим.
“Долзарб 10 кунлик” муносабати билан уюштирилаётган ана шу ҳашарлар жараёнида маҳаллалар ҳудудларига “Еko-Housе”, “Еko-Sfеra” МЧЖлар ҳамда “Тоза ҳудуд” ДУКнинг махсус техника воситалари ва юкловчилари жалб этилиб, сигнал усулида хизмат кўрсатилаётган ҳар бир кўчага кириб чиқилаётир ва аҳоли хонадонларида, ижтимоий, иқтисодий, маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа объектларда тўпланган чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилаётир.
Шунингдек, давлат инспекторлари томонидан чиқиндиларнинг белгиланмаган жойларга ташлаб кетилиши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштириляпти.
[gallery-21088]
Бу эса, Жиззах шаҳрида экологик барқарорликни, чиқинди тўплаш шохобчалари ва бошқа ҳудудларда экологик осойишталикни таъминлаш ва энг муҳими, фуқароларимизнинг Янги йил байрамини кўтаринки руҳда кутиб олишига ва чиқинди муаммоларига бўлган муносабати ижобий томонга ўзгаришига хизмат қилмоқда.
“Долзарб 10 кунлик” вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари