Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик барқарорлик сари
12:20 / 2026-01-14

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш ва яшил ҳудудлар ҳажмини оширишга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мамлакатнинг барча ҳудудларида, жумладан, Навоий вилоятида ҳам изчил амалга оширилмоқда.

– Кўчат экиш ишлари вилоят ҳудудида соҳалар кесимида амалга оширилмоқда. Фермер хўжаликлари дала четларига 1 миллион 562 минг дона кўчат экилган. Маҳаллалар ва аҳоли томорқаларида эса режада белгиланган 900 минг дона ўрнига 1,2 миллион дона кўчат ўтқазилган бўлса, Ўрмон фонди ерларида 2 миллион 299 минг дона, автомобиль ва темир йўл ёқаларида 386,2 минг дона, дарё, канал, ариқ ва зовурлар бўйларида 231,9 минг дона кўчат экилди, – дейди вилоят экология бошқармаси мутахассиси Гулноза Мирзаева.

Атроф-муҳитга таъсири бўйича 1- ва 2- тоифага кирувчи йирик саноат корхоналари ҳудудларида яшил белбоғлар ташкил этиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ушбу йўналишда 571 минг дона кўчат экиш режалаштирилган бўлиб, айни пайтга қадар 518 минг дона кўчат ўтқазилган. Чиқинди полигонлари атрофида эса 20 минг донадан зиёд кўчат экилган. 

Кўчатларнинг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида инфратузилма масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Суғориш тизими мавжуд бўлмаган ҳудудларда 11 та тик қудуқ қазилиб, янги суғориш тизимлари йўлга қўйилди. Аҳолининг экологик билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида 28 та маҳалла фуқаролар йиғинида 38 та амалий семинар ташкил этилди. Шаҳар ва туманларда эса 11 та жойда 14 та кўчат сотиш ярмаркалари ўтказилди.

Навоий вилоятида “Менинг боғим” лойиҳаси ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг муҳим таркибий қисми сифатида амалга оширилмоқда. Ушбу ташаббус доирасида яшил жамоат парклари ва яшил боғлар ташкил этиш бўйича лойиҳалар овоз бериш асосида саралаб олинди ва натижада иккита лойиҳа ғолиб деб топилди. Лойиҳалар бўйича ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, ер майдонлари хариталари тасдиқланди. 

Умуман олганда, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси Навоий вилоятида экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли яшаш муҳитини яхшилаш ва ҳудудларни кўкаламзорлаштириш борасида аниқ натижалар бермоқда.

А.Бўриев, ЎзА мухбири.