Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологик барқарорлик маҳалладан бошланади
00:08 / 2026-02-08

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида маҳалла институти тобора марказий ўрин эгаллаб бормоқда. Бу тасодифий эмас.

Чунки жамиятдаги барча ислоҳотлар, аввало, маҳалла ҳаётида ўз аксини топади. 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ҳам маҳалланинг давлат ва жамият қурилишидаги ўрнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади” деган тамойил бугун ижтимоий барқарорлик билан бир қаторда экологик тараққиётнинг ҳам асосий мезонига айланмоқда. Чунки атроф-муҳит тозалиги, санитария, яшил ҳудудларни асраш, чиқиндиларни бошқариш каби масалалар, энг аввало, маҳалла даражасида ҳал этилади.

Бугунги кунда экологик муаммолар глобал тус олган бир пайтда, уларга қарши самарали кураш фақат юқори даражадаги қарорлар билан чекланиб қолмаслиги керак. Экология соҳасида барқарор натижага эришиш учун аҳолининг кундалик турмуш тарзи, тафаккури ва масъулияти ўзгариши зарур. Ана шу ўзгариш эса маҳалладан бошланади.

Шу маънода Жиззах вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасида вилоят Маҳалла ва Экология бошқармалари ҳамкорлигида “Маҳалла — ижтимоий барқарорлик ва тараққиётнинг устуни” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Вилоят маҳалла ҳамда экология бошқармалари ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик. Вилоят экология бошқармаси ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Маҳалла ва экология” концепцияси маҳаллада экологик барқарорликни таъминлашни тизимли асосда йўлга қўйишга қаратилган бўлиб, у давлат сиёсати билан жойлардаги амалий ишларни узвий боғлаб бермоқда.

Концепция доирасида ҳар бир маҳаллага давлат экология инспекторларининг бириктирилиши назоратни кучайтириш билан бирга, ҳамкорлик ва масъулиятни ҳам оширди. Маҳалла ҳудудларининг экологик паспортлари ишлаб чиқилиб, саноат корхоналари фаолияти, чиқиндиларни олиб чиқиш тизими, яшил майдонлар ҳолати, атмосфера ҳавоси ҳамда ер-сув ресурсларининг аҳволи аниқ ҳисобга олина бошланди. Бу эса экологик қарорларни субъектив эмас, аниқ маълумотларга асосланган ҳолда қабул қилиш имконини бермоқда.

Жиззах вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Эркин Халматовнинг таъкидлашича, экологик барқарорликка эришиш, аввало, маҳаллада тинчлик, тартиб ва бирдамликни таъминлаш билан бевосита боғлиқ.

— Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳаллада экологик тозаликка эришсак, юртимизда экологик тозалик бўлади. Маҳаллани ободонлаштирсак, мамлакатимиз обод бўлади. Бу жараёнда бирдамлик ҳал қилувчи аҳамият касб этади, — деди Эркин Халматов. — Экологик масалаларни фақат назорат ва жазо орқали ҳал этиб бўлмайди. Бу борада аҳоли онгида табиатга нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантириш, айниқса ёшларни экологик маданият руҳида тарбиялаш устувор аҳамият касб этади. Шу мақсадда таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда олиб борилаётган тарғибот ишлари экологик маданиятни ҳаёт тарзига айлантиришга хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, яшил боғ ва яшил белбоғларни барпо этиш, кўчат экиш акциялари, чиқиндиларни камайтиришга қаратилган ташаббуслар маҳаллада фақат мавсумий тадбир эмас, балки узлуксиз жараён сифатида шаклланмоқда. Бу эса маҳалланинг қиёфасини ўзгартириш билан бирга, аҳолининг яшаш сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Янги тизимнинг яна бир муҳим жиҳати рақамлаштиришдир. Давлат экология инспекторларининг фаолияти электрон платформа орқали мониторинг қилиниб, ҳар бир маҳаллада бажарилаётган ишлар реал вақт режимида таҳлил этилмоқда. Бу очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаб, самарасиз ишлаётган ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш имконини бермоқда.

Муҳими, экологик барқарорликни таъминлаш бугун фақат бир соҳанинг вазифаси эмас. Ички ишлар, Миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар хизмати, таълим ва ёшлар ташкилотлари ҳамкорлигида маҳаллада тинчлик, тартиб ва экологик осойишталикни таъминлаш комплекс ёндашув асосида амалга оширилмоқда.

Маҳалла бугун фақат ижтимоий масалалар ҳал этиладиган ҳудуд эмас, балки экологик сиёсатнинг энг муҳим амалий майдонига айланмоқда. Давлат томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар маҳаллада ҳаётга татбиқ этилар экан, экологик барқарорлик мафкура даражасидан кундалик турмуш меъёрига айланмоқда.

Маҳаллада тозалик, тартиб ва масъулият қарор топса, экологик хавфлар камаяди, аҳоли саломатлиги мустаҳкамланади, ижтимоий муҳит соғломлашади. Бу эса ўз-ўзидан иқтисодий барқарорликка, жамиятда ишонч ва бирдамликнинг кучайишига олиб келади. Демак, маҳалла даражасида таъминланган экологик барқарорлик — бутун мамлакат тараққиёти учун мустаҳкам пойдевордир.

[gallery-27545]

Янги Ўзбекистон шароитида маҳалла институтининг экологик сиёсат билан узвий боғланиши тасодифий эмас. Бу — келажак авлод олдидаги масъулиятни чуқур англаган ҳолда амалга оширилаётган стратегик танловдир. Чунки табиатга эҳтиром, атроф-муҳитга масъулият ва яшаш маконига эгалик ҳисси айнан маҳаллада шаклланади.

Шу маънода айтиш мумкинки, экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган ҳар бир саъй-ҳаракат, ҳар бир ташаббус, ҳар бир бирдам қадам Янги Ўзбекистоннинг барқарор келажагига қўйилган ишончли инвестициядир. Бу йўлда маҳалла — бошланиш нуқтаси, экологик барқарорлик эса умуммиллий тараққиётнинг мустаҳкам кафолатидир.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА