Экологик акцияларга фаол ҳисса қўшиб
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди экология мавзусига ва экологик журналистиканинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Айни пайтда мазкур фонд экологик акцияларни ташкил этишга фаол ҳисса қўшмоқда.
Фонд вакиллари “Breathe Tashkent” ташаббускорлар гуруҳи ва “Ekolog.uz” нодавлат-нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда Aбдулла Қодирий номидаги истироҳат боғида 100 тупдан ортиқ дарахт ва бута кўчатларини экишда бевосита иштирок этди. Жумладан, шаҳар ҳавосини тозалаш, атроф-муҳитни яхшилашда катта ўрин тутадиган эман, каштан, заранг ва бошқа дарахтларнинг кўчатлари ўтқазилди.


Мазкур тадбир кенг кўламли яшиллантириш акциясининг бир қисми бўлиб, ҳашар 17, 24 ва 31 март кунлари ҳам давом этади. Кўкаламзорлаштириш ишларидек ибратли ташаббусда барча бирдек иштирок этиши мумкин.
Н.Усмонова, ЎзА