Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Бўстонлиқ туманида “Биз инсон ва табиат уйғунлиги тарафдоримиз!” шиори остида экологик акция ўтказилди.
Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги, бир қатор олий таълим муассасаларининг экофаол талабалари ҳамкорлигида ташкил этилган акция юртимизда экологик маданиятни юксалтириш, атроф-муҳитни асрашга кенг жамоатчиликни жалб этиш ва ҳудудларда амалий ободонлаштириш ишларини ташкил этиш йўлидаги муҳим ташаббус бўлди.

Акцияда партия вакиллари, депутатлар, туман ҳокимлиги мутасаддилари, ёшлар ва маҳалла фаолларидан иборат 250 нафардан ортиқ иштирокчи бир мақсад йўлида жам бўлди.

Акциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Бахриддин Ҳофизов ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Моҳира Хўжаева сўзга чиқиб, табиатни асраш ҳар бир фуқаронинг бурчи экани, инсон ва табиат уйғунлиги барқарор тараққиётнинг муҳим шарти эканини таъкидлади.

Акция доирасида маҳаллалар ҳудудларини ободонлаштириш, ариқ ва йўлакларни чиқиндилардан тозалаш, ташлаб кетилган маиший чиқиндиларни йиғиш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, ноқонуний чиқинди ташланадиган жойларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилди.
Тадбир якунида фаол иштирокчиларга туман ҳокимлиги ва партия номидан миннатдорлик билдирилди.
М.Комилова, ЎзА