Эко-стикер олиш бўйича тушган мурожаатлар асосида 10 мингдан ортиқ стикер тайёрланди
Вазирлар Маҳкамасининг “Автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсирини камайтириш мақсадида «Экологик транспорт» тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Бош прокурор ўринбосари Исроил Адҳамов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкентда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига қарашли 4-сонли рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими фаолияти билан танишди.
Аниқланишича, бугунги кунда "my.gov.uz" портали орқали автотранспорт воситаларига эко-стикер олиш бўйича 25 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шу асосда 10 мингдан ортиқ стикерлар тайёрланган. Қолган мурожаатлар бўйича стикерларни тайёрлаш жараёни давом этмоқда.
Тошкент шаҳрида 809 мингта, Тошкент вилоятида 530 мингта транспорт воситалари рўйхатдан ўтказилган бўлиб, қарор талабига мувофиқ барча транспорт воситалари "Экологик транспорт" тизимига киритилади.
Н.Абдураимова, ЎзА