Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Эко шаҳар” қурилишида аниқланган камчиликлар назоратга олинди
17:01 / 2022-11-10

Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон массивларини барпо этиш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Фарғона шаҳар ҳудудидан “Янги Ўзбекистон” массиви бунёд этилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, “Эко шаҳар”да 204 та 21 минг 660 хонадонли кўп қаватли уй-жой қурилиши белгиланган. Янги массивда 10 та боғча, 6 та умумтаълим мактаби, поликлиника, масжид ҳамда соғломлаштириш мажмуаси бунёд этилади. 15 та маъмурий идора қад ростлайди, “Кичик саноат зонаси”да эса 17 та лотлар ажратилади.

Қурилиш вазирлиги оммавий ахборот воситаларидан таркиб топган тезкор гуруҳи Фарғона шаҳридаги “Эко шаҳар” кўп-қаватли турар-жой биноларининг қурилиши билан танишди. Ўрганишлар жараёнида бир қанча камчиликларни аниқлади.

Хусусан, мазкур ҳудудда қурувчиларнинг техника хавфсизлиги тўлиқ таъминланмаган. Шунингдек, қурилиш ашёлари махсус омборда сақланмасдан, очиқ майдонда турганлигидан бирламчи босқичда занглаган. Велосипед, самокат, коляска ва ногиронлик аравачалари сақланадиган махсус хоналар ҳам хонадон сифатида қўшиб юборилган. Айрим қурилиш-монтаж ишларида арматуралар иқтисод қилинган.

Шу билан бирга Фарғона шаҳар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси ходимлари томонидан қурилишда сифатсиз материаллар ишлатилишининг олди олиниб, яроқсиз ғиштлар ва ёриқли бетон плиталар фойдаланилишига чек қўйилган.

Бундан ташқари, массивнинг қурилиш жараёнлари давомида шу кунгача назорат муҳандислари томонидан 150 та мониторинг ўтказилган. Шунингдек, 356 та сифатсиз ишлар ва лойиҳадан четга чиқиш ҳолатлари бўйича ёзма кўрсатма тайёрланган ҳамда МЖтКнинг 99-моддасига кўра 12 марта чора кўрилган.

Жавобгарлик сабаблари асосан сифат билан боғлиқ. Яъни, тақдимномалар ишлатилаётган сифатсиз пишган ғишт маҳсулотлари, арматура ҳамда кўп бўшлиқни темир бетон ора ёпма плиталар учун киритилган.

Санаб ўтилган оқсоқликларнинг белгиланган муддатда бартараф этилиши юзасидан қурилиш иштирокчиларига тушунтиришлар берилди. Пресс-турда Қурилиш вазирлиги масъуллари аниқлаётган ҳар бир камчилик вазирлик томонидан назоратга олиниши маълум қилинади.

Ш.Маматуропова, ЎзА