Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Эко-сфера” ва “Грин верс” жамоалари ғолиб деб топилди
17:33 / 2026-02-21

Экология — бугуннинг эмас, эртанинг ҳам тақдири. Табиатга муносабат шунчаки шиор эмас, балки ҳуқуқий маданият, фуқаролик позицияси ва виждон мезонидир.

“Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” республика кўрик-танлови ана шу эзгу мақсадни ёшлар онгига сингдиришга қаратилган муҳим ташаббус сифатида аҳамият касб этмоқда.

Танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармонининг ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди. Мазкур ҳужжатда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини такомиллаштириш, масъул тузилмалар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш устувор вазифа сифатида белгилаб берилган. Бу вазифалар бугун ёшлар тафаккурида ҳуқуқий иммунитет ва экологик масъулиятни шакллантириш орқали ҳаётга татбиқ этилмоқда.

2025 йилдан эътиборан ҳар йили январь–март ойларида ўтказилаётган мазкур танлов умумтаълим мактаблари юқори синф ўқувчилари ва касбий таълим муассасалари ёшларини қамраб олмоқда. Унинг бош мақсади — Конституция ва қонунларга ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий онгни юксалтириш ҳамда қонунбузарликка нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтиришдир.

Тадбир Бош прокуратура, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Бу эса ташаббуснинг давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини кўрсатади.

Танлов илк бор 2024 йил август ойида Шаҳрисабз туманидаги “Лочин” оромгоҳида ўтказилиб, 14 жамоа, 112 нафар ёшни бир майдонга жамлади. Илк тажрибаёқ ёшлар ўртасида экология ва ҳуқуқий билим уйғунлигини қарор топтириш мумкинлигини кўрсатди.

Жорий йилнинг 19–20 февраль кунлари танловнинг Жиззах вилояти босқичи бўлиб ўтди. Унда мактаб таълими тизимидан 13 та, олий ва касбий таълим тизимидан 9 та жамоа иштирок этди. Белгиланган тўрт шарт иштирокчиларнинг билим савияси, таҳлилий фикрлаши ва ижодий ёндашувини намоён этди.

“Бу бизнинг ҳудуд” шартида жамоалар ўз ҳудудларидаги экологик ҳолатни таҳлил қилиб, амалга оширилаётган ишларга баҳо бердилар. “Интеллектуал ринг”да қисқа вақт ичида экологик ва ҳуқуқий саволларга аниқ жавоб қайтарилди. “Экология учун барчамиз масъулмиз!” йўналишида иқлим ўзгариши, дарахт экиш ва сув ресурсларини асраш мавзуларида таъсирчан саҳна кўринишлари намойиш этилди. “Энг яхши экологик лойиҳа” шартида эса соҳани ривожлантиришга қаратилган амалий таклифлар илгари сурилди.

Якуний натижаларга кўра, мактаб таълими йўналишида Шароф Рашидов туманидаги 36-мактабнинг “Эко-сфера” жамоаси ғолиб деб топилди. Кейинги ўринлар Фориш туманидаги 10-мактабнинг “Яшил мактаб – яшил келажак” ҳамда Янгиобод туманидаги 12-мактабнинг “Ёш экологлар” жамоаларига насиб этди.

Касбий таълим йўналишида Янгиобод туманининг “Грин верс” жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, Фориш туманининг “Яшил қанотлар” ва Шароф Рашидов туманининг “Экология” жамоалари совриндорлар сафидан жой олди.

Республика босқичи умумтаълим мактаблари ўртасида 12–14 март кунлари Бухоро вилоятида, касбий таълим муассасалари ўртасида 25–27 март кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилади.

[gallery-27801]

Зеро, экологияга оид қонунларни билиш — бу оддий маълумот эмас, балки келажак олдидаги масъулиятни англашдир. Қонун устувор бўлган жамиятда табиат ҳам ҳимояда бўлади.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА