ЭКО-ДАРС: Бир килограмм шоколад ишлаб чиқариш учун 17 минг литр сув сарфланади
Шунга қарамай, ушбу тириклик ва борлиқ манбаини асраб-авайлаш бўйича яна қанча кўп маълумот олсак, шунча фойдалидир.
Аслида, сув ҳақида кўп гапирамиз. Ҳатто уни тежаб ишлатиш бўйича кўникмага ҳам эгамиз.
Шунга қарамай, ушбу тириклик ва борлиқ манбаини асраб-авайлаш бўйича яна қанча кўп маълумот олсак, шунча фойдалидир.
Келинг, биз сувни ишлатиш бўйича айрим қизиқарли фактларга эътибор қаратайлик. Масалан, шлангда оқаётган сувдан 15 дақиқа машина ювилса, 120 литр, челак билан эса 40 литр сарфланади. Уйда жўмракни бир дақиқа очиб қўйилса, 7-8 литр сув оқиб кетади. Бундан ташқари, рўзғор ишларида ҳам жуда кўп сув ишлатилиши ҳаётий фактдир.
Бир килограмм шоколад ишлаб чиқариш учун 17 минг литр сув ишлатилишини ҳеч ким ҳаёлига ҳам келмаса керак. Бунда какаони етиштиришдан то саноат миқёсдаги жараёнларни ўз ичига қамраб олади. Масалан, бир финжон қаҳва тайёрлашда 140 литр, бир финжон чой учун эса 34 литр виртуал сув ишлатилади. Ушбу виртуал сув ва сув изи тушунчалари хар қандай маҳсулотнинг илк босқичдан тайёр ҳолатга келгунга қадар унга сарф қилинган сув ҳисобга олинади.
Бугунги кунда глобал муаммога айланган сувдан оқилона фойдаланишга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби эзгу ишларга масъул ташкилотлар қаторида халқаро ҳамкорлар ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали ҳам шундай ташкилотлардан. У Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган "UzWaterAware" лойиҳаси доирасида бир қатор тадбирлар ўтказиб, каттаю кичикларни сувни тежаб ишлатиш, унинг она табиатимиз ва экологияни тоза сақлаш ишларига фаол иштирок этишга ундамоқда.
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида "UzWaterAware" лойиҳаси бўйича сув ва сув тежовчи технологиялар мавзусига бағишланган эко-дарслар ташкил этилди.
Термиз шаҳридаги 11-ўрта мактабнинг биринчи синф ўқувчилари иштирокида бўлиб ўтган тадбир улар учун сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича илк сабоқ бўлди, дейиш мумкин.
Мазкур мактаб директори Собитжон Тўраевнинг таъкидлашича, эко-дарс болажонлар учун жуда фойдали ва қизиқарли бўлди. Тадбиролди биринчи синф ўқувчиларига ташкилотчиларнинг совғалари, китоб ва антисептик воситалар тарқатилиб, сўнгра мавзуга оид анимацион роликлар намойиш этилди. Муҳими, улардаги маълумотларни ҳали болажонлар эшитмаган эди. Шунинг учун улар мультфильмларни катта қизиқиш билан томоша қилди.
- Бугун мен учун унутилмас кун бўлди,- деди биринчи синф ўқувчиси Наврўз Худоёров. - Чунки биз сув бўйича анимацион роликларни томоша қилдик, совғалар беришди. Энди сувни тежаш бўйича китобим ҳам бор. Ушбу китобни ўқиб, сувни тежаш ва экологияни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқчиман.
Шунингдек, эко-дарслар шаҳарнинг 4-умумтаълим мактаби, 2-академик лицей, Матбуот уйида ўқитувчи-ўқувчилар, "Аёллар қаноти" фаоллари иштирокида ўтказилди. Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда ва жаҳонда коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ ҳолат инобатга олиниб, тадбирлар карантин талабларига риоя қилинган ҳолда ўтмоқда.
- "UzWaterAware" лойиҳасининг ҳар бир тадбири сув ресурслари чекланган ҳудудларда "Covid-19" профилактикаси мавзуси билан бошланди, - деди МОМЭМнинг Ўзбекистондаги филиали директори, лойиҳа менежери Шаҳноза Умарова. – Ўқувчиларга ҳимоя ниқоби ва антисептик воситаларни тарқатиш билан бир қаторда, иштирокчилар билан суҳбатлашдик.
Сув билан қўлларни ювиш орқали гигиена қоидаларига амал қилиш шароитлари мавжуд бўлмаган ҳолатларда коронавирус инфекциясидан ҳимояланиш чораларига болалар ва катталарнинг эътиборини қаратадиган махсус қайдномаларни тақдим этдик. Бу ишларда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати бизнинг ишончли ҳамкорларимиздир.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистонда сув ва экологияни барқарор ривожлантириш бўйича хабардорликни ошириш ва ҳамкорлик. 3-таркиб" ("UzWaterAware") МОМЭМ томонидан Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги остида 2016 йилдан буён амалга оширилмоқда. Лойиҳа “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида сувни барқарор бошқариш" дастурининг бир қисмидир. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги мазкур лойиҳанинг миллий ҳамкори ҳисобланади.


