English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экиден фалсафаси “Янги Нафас” ғояси билан ҳамоҳанглик касб этмоқда
09:07 / 2023-12-05

Япония тажрибасининг Ўзбекистонда ёйилиши соғлом турмуш тарзи анъналари кенгайишига, ҳамжиҳатлик, жамоавий масъулият ва муваффақиятларда ҳар бир иштирокчи ҳиссасининг муҳимлигини англаш, ҳис қилиш руҳиятини сингдиришда муҳим восита ҳисобланади.

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи тамойилининг асосий бўғини бўлган югуришга аҳоли ўртасида қизиқишни ортиши, оммавийлиги йилдан-йилга ортиб боришида “Янги Нафас” мусобақалари алоҳида ўрни борлиги бугун ҳеч кимга сир эмас.

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур оммавий саломатлик тадбирларида нафақат мамлакатимиз аҳли, балки бошқа давлатлардан ҳам югурувчилар иштирок этаётганлиги “Янги Нафас” кўламини янада кенгайишига олиб келмоқда.

Таъкидламоқ керак, “Янги Нафас” оммавий спорт тадбирлари 2020 йилдан йўлга қўйилган бўлиб, бугунгача минг-минглаб кишилар ушбу ҳаракатнинг иштирокичисига айланди. У туфайли кўплаб инсонлар ҳаётида югуриш кундалик турмуш тарзининг муҳим бўлаги бўлди.  

Статистик маълумотларга кўра, ўтган уч йил давомида турли ёшдаги 700 минг нафардан ортиқ аҳоли вакиллари “Янги Нафас” билан қамраб олинди.  

Оммавий югуриш мусобақаларининг яна бир ўзига хос хусусиятларидан бири, бу, муҳим байрам саналари бўлган Наврўз миллий байрами, Ёшлар куни, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни, Давлат байроғи қабул қилинган кунларда спорт тадбирларининг ўтказилишидир.

“Янги Нафас” югуриш мусобақаларининг оммавийлиги ортиб бораётгани муносабати билан ташкилотчилар спорт ҳаракати тақвимига янги формат – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 31 йиллигига бағишланган экиден енгил атлетика эстафетасини киритишга қарор қилишди.  

Экиден - бу асфалт устидаги жамоавий мусобақа бўлиб, унда югурувчилар маълум масофани босиб ўтишлари ва жамоавий эстафетани кейинги иштирокчига топширишлари керак бўлади. Классик экиденнинг ватани Япония бўлиб, у ерда ушбу спорт тури бўйича маҳаллий, минтақавий ва миллий чемпионатлар ўтказилади. Экиден дунё бўйлаб миллионлаб мухлисларни жалб қилувчи энг нуфузли югуриш мусобақаларидан бири саналади.

Экиден фалсафаси жамоавий руҳни, ҳамжиҳатликни, жамоавий масъулиятни ва ҳар бир иштирокчи ҳиссасининг муҳимлигини ривожлантиришга қаратилган.  

8 дкабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан  бўлиб ўтадиган мусобақалар ташкилотчилари ҳам худди шундай ғояларни Янги Ўзбекистон спорт тизимига жорий этишни ният қилишган.

— Ўзбекистонда югуриш маданияти энди-энди шаклланмоқда. Бундай оммавий тадбирлар орқали аҳоли саломатлиги мустаҳкамлади. Айтиш лозим, давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси ва таашббуси асосида йўлга қўйилган оммавий югуриш мусобақалари, жумладан, “Янги Нафас” тадбирлари ўтган қисқа фурсатда мамлакатимиз жисмоний тарбия ва спорт ҳаётида ўз ўрнини топди. Юртимиз спортига янгича руҳий қувват олиб келдики, 7 ёшдан 70 ёшгача бўлганлар югуриш машқларига қизиқмоқда. Саломатлигини мустаҳкамламоқда. Байрамларда спорт мусобақаларини ўтказиш орқали юртдошларимиз орасида фаол турмуш тарзига қизиқишни кучайтириш, ҳамжиҳатлик, ўз фуқаролик позициясини намоён эиш ҳислатларини шакллантириш мусобақаларимизнинг асосий тамойили ҳисобланади. Шу жиҳатдан, экиден эстафетаси аҳли томонидан илиқ кутиб олинганлиги “Янги Нафас” оммавий югуриш мусобақалари янада кенг қулоч олаётганлигидан далолат, — дейди оммавий югуриш мусобақалари ташкилий қўмитаси аъзоси Шуҳрат Усмонов.

Жорий йилнинг 10 декабрь куни пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” боғида уюштириладиган  “Янги Нафас” – экиден мусобалари эркаклар, аёллар ва аралаш эстафета шаклида ўтказилади. Тасдиқланган низомга асосан, аралаш эстафета таркибида камида 2 та аёл ва энг кўпи билан 5 та эркак спортчи бўлиши керак. Жамоада 6 нафар эркак ва 1 нафар аёл спортчи иштирок этиши мумкин.

Бунда ҳар бир югурувчи 1 айлана - 3,18 километр масофани югуриб ўтиши керак бўлади. Жамоа “Янги Ўзбекистон” истироҳат боғи ҳудудида маълум бир югуриш маршрути бўйлаб жами 22,26 км масофани босиб ўтиши, ҳар бир иштирокчига жамоанинг эстафета лентасини узатиши белгиланган.

Жамоавий мусобақаларда 15 ёш ва ундан катта ёшдаги иштирокчилар қатнашиши мумкин. Экиденда фуқаролигидан қатъи назар ҳар ким қатнашиши мусобақа низомида белгилаб қўйилган.

Айни кунларда ушбу спорт байрамини кўтаринки кайфиятда ўтказиш борасида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.  

Ташкилотчилар томонидан яратилган iticket.uz сайтида рўйхатдан ўтиш жараёни очиқ бўлиб, иштирокчиларнинг старт пакетига эга бўлиш учун ўз аризаларини топшириш жараёнлари давом этмоқда.

Ҳар бир спорт мусобақасида бўлгани каби, “Янги Нафас” – экиден мусобаларида ҳам ғолиб ва совриндорлар тегишли тартибда совринларга эга бўлишади.

“Янги Нафас” – экиденнинг ғалаба қозонган жамоаларига ташкилотчилар томонидан пул мукофотлари топширилиши кўзда тутилган. Унга кўра, ғолибликка эришган жамоа 7 миллион, иккинчи ўриндан жой олганлар 5 миллион ва учинчи ўрин соҳиблари 3 миллион сўм билан тақдирланади.

Рағбат, қўллов, эътибор кишиларни янги ғалабаларга чорлайди. Бироқ, “Янги Нафас”да иштирок этишнинг ўзи, ушбу тадбирнинг бир қисми бўлиш инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қадрли бўлган саломатликни мустаҳкамлашда асосий омил ҳисобланадики, бу бойликларнинг энг улуғ бойлиги сифатида ўз юксаклигини намоён этаверади.

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА.