Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимиз ва талабалар ҳолидан хабар олиш мақсадида Фарғона вилояти делегацияси Россия Федерациясида бўлиб турибди. Екатеринбург шаҳридаги муҳташам “Темирйўлчилар” маданият саройида байрам тадбири ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасининг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан ўтказилган тантанада Свердловск вилояти маъмурияти, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Уралдаги ваколатхонаси мутасаддилари, диаспоралар раҳбарлари, юртдошларимиз қатнашди.

Байрам тадбирида сўз олган Бош консул Абдусалом Ҳатамов барчани Наврўзи олам билан табриклади.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Свердловск вилоятидаги ўзбекистонликлар ҳолидан хабар олиш учун делегация ташкил этилиб, меҳнат муҳожирлари ва талабалар имкон қадар қўллаб-қувватланиб келинаётгани учун Уралда истиқомат қилаётган юртдошларимиз номидан самимий миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги арафасида ўтаётган тадбир ўзига хос маъно-мазмунга эга эканлигини айтган Ташқи ишлар вазирлигининг Урал федерал округидаги вакили Александр Харлов икки давлат ўртасидаги алоқалар барча жабҳаларда фаол ривожланаётганини таъкидлади. Биргина Свердловск вилояти билан Фарғона вилояти ўртасидаги юқори босқичга кўтарилаётган ва самарали кечаётган ҳамкорлик бунинг ёрқин исботи эканлигини қайд этди.

Тюмень вилоятининг “Баҳор” ўзбек ансамблининг чиқишлари, фарғоналик ёш санъаткорлар ижросидаги турли тарона ва рақслар, ўзбек талабаларининг она Ватанни мадҳ этган қўшиқлари барчага баҳорий кўтаринкилик улашди. Юртга дахлдорлик, ватанга муҳаббат ва садоқат ҳиссини юксалтирди. Байрам тадбири якунига етгач, Свердловск вилоятида вақтинчалик яшаб меҳнат қилаётган ўзбекистонликларга ва маҳаллий аҳолига миллий таом палов тарқатилди.

Янгиланиш, яшариш, тотувлик ва тинчлик рамзи бўлган Наврўз шодиёналари, турли миллат вакиллари иштирокидаги байрам дастури, мароқли кўнгилочар тадбир учун ватандошлар давлатимиз раҳбарига ва ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
М. Сулаймонов, ЎзА