Европа Комиссияси Украинага 1.2 миллиард евро миқдорида ёрдам таклиф қилди.
— Ушбу маблағ Украинага қайта молиялаштириш эҳтиёжини қондиришда асқотади, — деди ЕК раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўз видео мурожаатида. — Европа парламенти ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан ушбу таклиф маъқулланса, тузилма белгиланган пулнинг ярмини дарҳол тўлашга тайёр. Яна бир бор айтаман, Украина эркин ва суверен мамлакат сифатида танловни ўзи ҳал этади.
Ўтган ҳафта Урсула фон дер Ляйен агар Украинага ҳужум қилса, Россияни “жиддий иқтисодий, молиявий санкция кутаётгани”ни маълум қилган эди.
Бундан ташқари АҚШ Европадаги иттифоқчиларини Россия Украинага бостириб кириш учун замин ҳозирлаётгани, чегарада 100 мингдан ортиқ аскар, шунингдек, артиллерия ускунаси ва танклар жойлаштирганини айтиб огоҳлантирмоқда.
Таъкидлаш керак, НАТО Россия 2014 йил Қримни ноқонуний аннексия қилганини пеш қилиб, Шарқий Европада ўз иштирокини кучайтира бошлаган.