Мамлакатимиз хорижий ҳамкорлик ва халқаро стандартлар, хусусан, Қазиб олиш саноатининг шаффофлиги ташаббуси (EITI) доирасида фаоллигини кенгайтирмоқда.
Мазкур ташаббус натижасида қазиб олиш саноатини ривожлантиришдаги глобал амалиётлар ва стандартлар Ўзбекистонда ҳам жорий этилиб, соҳада инвестиция муҳити ва шаффофликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳамкорликлар доирасида тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова EITI ташкилоти бошқаруви раиси Хелен Кларк бошчилигидаги хорижий делегация вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда делегация томонидан ташкилотнинг фаолияти, EITI стандартларини жорий қилишнинг босқичлари ва уларнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг EITIга аъзолиги масаласи ислоҳотлар давомийлиги ва стратегик мақсадлар билан мувофиқ экани алоҳида таъкидланди.
Вазирлик раҳбарияти сўнгги йилларда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди. Ушбу ислоҳотлар қонунчилик базасини такомиллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, шаффофликни ошириш ҳамда атроф-муҳит ва ижтимоий-экологик (ESG) стандартларни жорий қилишга қаратилган. Бу жараёнлар орқали Ўзбекистон қазиб олиш саноатидаги халқаро стандартларга мосликни мустаҳкамламоқда ва хорижий инвестициялар учун қулай муҳит яратмоқда.
Ташриф дастури доирасида EITI делегацияси бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳам учрашувлар ўтказиши, соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириши режалаштирилган. Бу эса Ўзбекистоннинг қазиб олиш саноатида шаффофликни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадами бўлиб хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА