Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЕИБ Марказий Осиёда яшил трансформация ва барқарор энергияни қўллаб-қувватламоқда
12:45 / 2025-10-16

Европа инвестиция банки (ЕИБ) вице-президенти Кириакос Какурис мазкур нуфузли халқаро молиявий тузилманинг Марказий Осиёда яшил трансформация ва барқарор энергияни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари хусусида мулоҳаза юритади:

– Европа инвестиция банки (ЕИБ) Марказий Осиёнинг паст углеродли иқтисодиётга ўтишини қўллаб-қувватлашни кучайтирмоқда, айниқса барқарор энергияга эътибор қаратмоқда. Биз Марказий Осиё энергетика тизимига сармоя киритиш жараёнини секторга кредит ажратиш сиёсати ва Европа Иттифоқи “Global Gateway” стратегияси нуқтаи назаридан шакллантирамиз. Аниқроқ айтганда, энергиянинг ишончлилиги, хавфсизлиги ва одамлар ҳамда бизнес учун арзонлигини таъминлаган ҳолда, минтақа кам углеродли иқтисодиётга ўтишини қўллаб-қувватлаш устувор вазифамиз  ҳисобланади.

ЕИБ Глобал қайта тикланадиган энергия ва қувват самарадорлигини оширишга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Қуёш, шамол ва сув энергетикаси лойиҳаларини молиялаштириш, электр тармоғини такомиллаштириш, турар-жой ва саноат секторини ривожлантириш бўйича минтақа, хусусан Ўзбекистон билан ҳамкорлик йил сайин жадаллашмоқда.

Ҳозир республикада барпо этилаётган учта йирик қуёш фотоэлектр станцияси 83 миллион доллардан ортиқ кредит билан таъминланди. Бу ташаббус минтақадаги энг йирик қуёш энергияси лойиҳалари қаторига киради. Шунингдек, Самарқанд яқинида қуёш электр станцияси қурилиши қўллаб-қувватланмоқда.

Жамоамиз муҳим ресурслар ва яшил водород ишлаб чиқариш бўйича қўшма молиялаштириш имкониятини ўрганяпти. Йил охиригача бир неча шундай лойиҳани тайёрлаш ва қўллаб-қувватлашни бошлаш режалаштирилди. Ривожланаётган бозорлар, жумладан Марказий Осиё давлатлари ҳам ушбу дастур доирасида техник ёрдам олиши мумкин.

Биз Транскаспий йўлагига ҳудудни Европа билан боғловчи асосий бўғин – барқарорлик, диверсификация ва иқтисодий имкониятни рағбатлантирадиган икки минтақа ўртасидаги стратегик дарвоза сифатида қараймиз. Барқарор транспорт лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон билан умумий қиймати қарийб 1,5 миллиард евролик англашув меморандумлар имзоланган. Ушбу келишувлар минтақавий интеграцияни мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган узоқ муддатли мажбуриятимизни ифодалайди. Энг муҳими, банк аллақачон режа босқичидан амалий жараёнга ўтган.

Жорий йил Самарқандда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммитида ЕИБ иштирокида расмийлаштирилган тўрт ўзаро англашув меморандумидан учтаси Транскаспий йўлагига тегишли ва Европа Комиссияси томонидан кафолатланган. Умуман, лойиҳаларни амалга ошириш учун кредитни ЕИ гранти, кафолати ва техник ёрдами билан мустаҳкамлаш фаолиятимиздаги асосий шартлардан бирига айланган. Ишга бундай ёндашув эҳтимолий хатарни камайтириш, тайёргарликни тезлаштириш ва ЕИ экологик ва ижтимоий стандартига мувофиқликни таъминлаш имконини беради.

ЕИБ юқори самарадор, барқарор инфратузилма лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун Марказий Осиё бўйлаб ҳукумат, маҳаллий тараққиёт банклари ва хусусий шериклар билан фаол ҳамкорликни давом эттиради.

Эзгу мақсадимиз – инсонлар ва сайёрамиз учун узоқ муддатли наф келтириш.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА